«Ўзбекинвест» экспортни қўллаб-қувватлаш ва халқаро инвестициялар учун Скандинавия ҳамда Шимолий Европа мамлакатларида суғурта бозорларининг янги йўналишларини очмоқда

Чоп этиш версияси
22.04.2026

«Ўзбекинвест» суғурта компанияси хизмат сафари доирасида Шимолий Европа мамлакатларининг етакчи экспорт-кредит агентликлари раҳбарлари билан қатор музокаралар ўтказди. Жумладан, Даниянинг Export and Investment Fund of Denmark (EIFO) агентлиги (Копенгаген шаҳри), Швециянинг Exportkreditnämnden (EKN) агентлиги (Стокгольм шаҳри), Финляндиянинг Finnvera компанияси (Хельсинки шаҳри) билан учрашувлар ташкил этилди.

Ўтказилган ишбилармонлик учрашувлари натижасида:

  • миллий экспортёрларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳамда Ўзбекистон маҳсулотларининг Дания, Швеция ва Финляндия бозорларига кириш имкониятларини кенгайтириш бўйича қўшма ишларни назарда тутувчи EIFO, EKN ва Finnvera билан ҳамкорлик битимлари имзоланди;
  • давлат ва хусусий суғурта компанияларининг қўшма суғурталаш механизми белгилаб олинди, шунингдек Ўзбекистонга хорижий инвестициялар ҳамда илғор технологияларни жалб этиш учун зарур шарт-шароитларни яратиш масалалари муҳокама қилинди;
  • ташқи савдо операцияларини суғурта ҳимояси билан таъминлаш, мазкур мамлакатлардан Ўзбекистонга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳамда савдо-иқтисодий шерикликнинг янги йўналишларини ишлаб чиқиш доирасида мулоқотни давом эттириш бўйича яқин ҳамкорлик чоралари белгиланди.

Шунингдек, «Ўзбекинвест» делегацияси етакчи халқаро суғурта ва брокерлик компаниялари — RiskPoint Group (Копенгаген шаҳри), Howden Re (Стокгольм шаҳри), Säkra (Мальмё шаҳри), Aon (Хельсинки шаҳри) ва бошқалар билан ҳам қатор учрашувлар ўтказди.

Ушбу музокаралар давомида тижорат суғуртаси соҳасида, жумладан факультатив жойлаштиришлар ва ихтисослашган рисклар бўйича истиқболли ҳамкорлик йўналишлари белгиланди. Шунингдек, компаниянинг халқаро жойлаштиришларда иштирок этиш форматлари муҳокама қилиниб, «Ўзбекинвест» учун Скандинавия ва Шимолий Европа мамлакатлари суғурта бозорларига кириш бўйича эҳтимолий имкониятлар аниқланди.