«Ўзбекинвест» компанияси миллий шкала бўйича тўлов қобилияти ва ишончлиликнинг энг юқори даражаси — «AAA» рейтингига сазовор бўлди

Чоп этиш версияси
14.11.2025

    Жорий йилнинг октябрь ойида «SNS RATINGS» рейтинг агентлиги «Ўзбекинвест» суғурта компаниясига тўлов қобилияти ва ишончлилик бўйича миллий шкаладаги энг юқори — «AAA» рейтинги, прогноз «Барқарор» деб расман эълон қилди.

    «SNS RATINGS» агентлиги компаниялар ва қарз инструментларининг молиявий барқарорлигини баҳолаш соҳасида ихтисослашган бўлиб, молия институтлари, холдинг компаниялари ва иқтисодиётнинг барча тармоқларидаги корхоналар фаолиятини баҳолайди ҳамда мунтазам равишда таҳлилий тадқиқотлар ва ҳисоботлар нашр этади.

    «Ўзбекинвест» компаниясига берилган «AAA» рейтинги — бу энг юқори баҳолаш ҳисобланади ва у ўз мажбуриятларини ўз вақтида ва тўлиқ бажариш қобилияти жуда юқори бўлган ташкилотларга берилади.

    Рейтинг агентлиги қуйидаги бир қатор ижобий омилларни таъкидлаб ўтган:

  • экспорт фаолиятини суғурталашда компаниянинг муҳим ўрни;
  • тақдим этилган ҳисоботларнинг очиқлиги ва ишончлилиги;
  • бозорда узоқ йиллик фаолият тажрибаси;
  • акциядорлар томонидан кучли қўллаб-қувватлаш;
  • тўлов қобилиятининг юқори кўрсаткичлари;
  • суғурта фаолияти ривожланишининг яхши динамикаси ва бошқалар.

    «SNS RATINGS» агентлигининг фикрича, келгусида ҳам «Ўзбекинвест» компаниясининг бизнес кўлами кенгаяди ва натижада республика суғурта бозорида унинг мавқеи ва улуши янада мустаҳкамланади.

    Шу билан бирга, 2025 йилнинг 9 ойи якунларига кўра, компаниянинг жами суғурта мукофотлари йиғими 1,178 миллиард сўмни ташкил этди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 145 фоиз ўсишни кўрсатади.

    Қайта суғурта мукофотлари ҳажми 50,5 миллион АҚШ долларига етди, компаниянинг умумий портфелида халқаро қайта суғуртанинг улуши 53 фоизни ташкил қилди.

    Жорий йилнинг 9 ойи давомида миллий товар ва хизмат экспортчиларига 2,4 млрд АҚШ доллари миқдорида суғурта ҳимояси тақдим этилди.

    Корпоратив сегментда суғурта мукофотлари йиғими 297,9 млрд сўмга етди (2024 йилнинг шу даврига нисбатан 151 фоиз ўсиш), шундан 51,1 млрд сўм инвестиция лойиҳаларини суғурталашга тўғри келади.

    Бундан ташқари, 2025 йил май ойида «A.M. Best Company» халқаро рейтинг агентлиги «Ўзбекинвест» компаниясининг рейтингларини «B» ва «bb» даражасида «Барқарор» прогнози билан тасдиқлади.

    Шу йил июнь ойида халқаро рейтинг агентлиги «Moody’s Ratings» компаниянинг молиявий барқарорлик рейтинги бўйича прогнозини «Ba2» («Барқарор») даражасидан «Ba2» («Ижобий») даражасига кўтарди, бу Ўзбекистоннинг банк-молия сектори ташкилотлари орасидаги энг юқори кўрсаткичлардан биридир.

    «Ўзбекинвест» компанияси изчил ривожланиш стратегиясига содиқ қолган ҳолда, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, рақамлаштириш даражасини ошириш ҳамда мижозлар ишончини ички ва ташқи бозорларда янада мустаҳкамлашни давом эттиради.