Суғурта бозоридаги муаммолар

Чоп этиш версияси
11.03.2019

Молия бозорининг муҳим таркибий қисми бўлган суғурта фаолияти ҳар қандай мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожида катта аҳамиятга эга. Бизнинг иқтисодиётимизда ушбу соҳанинг ўрни қандай?

Бугунги кунда республикамизда 30 та суғурта компанияси мавжуд бўлиб, уларнинг 24 таси умумий суғурта, 6 таси ҳаёт суғуртасига ихтисослашган. Жорий йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, суғурта компанияларининг жами активлари 2,5 трлн. сўмни ташкил этиб, умумий устав капитали миқдори 534 млрд. сўмдан иборат. Таҳлиллар эса суғурта хизматлари сифатини яхшилаш, кўламини ошириш, турларини кўпайтириш орқали соҳани тубдан ислоҳ қилишни, соҳада бир қатор муаммолар тўпланиб қолганини кўрсатмоқда.

Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси томонидан “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг Молия вазирлигидаги ижросини ўрганиш натижалари ҳам буни яққол исботлаган.

Чунончи, қонун талаблари асосида вазирлик томонидан  олиб борилаётган ишлар, кўрилаётган чораларга қарамасдан, бу соҳада ечимини кутаётган масалалар ҳали кўп. Жумладан, суғурта бозорининг ҳозирги ҳолати амалга оширилаётган ислоҳотлар талабига мос келмай, аҳоли ва тадбиркорларнинг мазкур хизматга бўлган эҳтиёжлари қондирилмасдан қолмоқда.

Бунинг асосий сабабларидан бири вазирлик ҳузуридаги суғурта назорати инспекцияси ходимлари сони чегараланганлиги бўлиб, улар асосан статистик маълумотларни юритишмоқда, холос. Суғурта фаолияти ҳақидаги маълумотлар ҳудудларга етарли даражада етказилмаётгани оқибатида аҳолининг ҳаммасида ҳам суғуртага бўлган ишонч ва у ҳақда тушунча тўлиқ шаклланмаган. Бу эса соҳанинг ЯИМдаги улуши ўсишига, компаниялар молиявий барқарорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Бундан ташқари, мутахассислар томонидан суғурталаш жараёнида мижозларнинг  ҳақ-ҳуқуқлари тўлиқ ва тўғри тушунтирилмаяпти. Натижада суғурта ҳолатлари содир бўлганидан сўнг келишмовчиликлар келиб чиқиб, улар суд идораларида кўрилишига тўғри келмоқда. Суғурталаш жараёнида иш юритиш тизимининг аксарият ҳолларда давлат тилида олиб борилмаслиги ҳам суғурта шартномаларини тузиш ва унинг ижросини таъминлашда муаммоларни келтириб чиқармоқда. Ўз навбатида, суғурта ҳодисаси содир бўлганда тўловларни тўлиқ амалга оширмаслик ҳолатлари қайта суғурталаш имкониятларига тўсқинлик қилиш билан бирга, суғурта тизимига бўлган ишончнинг пасайишига олиб келмоқда.

Шунингдек, суғурта мукофотлари билан суғурта тўловлари ўртасидаги  тафовут юқори даражада сақланиб қоляпти. Натижада мамлакатимизда аҳоли жон бошига тўғри келадиган суғурта мукофотлари ўртача 48,8 минг сўмни (6,0 АҚШ дол.) ёки унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 0,4 фоизни ташкил этмоқда.  Таҳлилларга қараганда, суғурта мукофотларининг ЯИМдаги улуши Ғарбий Европада 8,4, Осиёда 6,1, Россияда 1,3, Қозоғистонда 0,85 фоиздир.

Шу билан бирга, суғурта бозорини ривожлантириш, истеъмолчиларнинг суғуртага ишончини ошириш, хорижий тажрибалар ҳамда ахборот-коммуникация технологияларининг ютуқларини жорий қилиш, энг мақбул ва жозибадор суғурта хизматларини яратиш, суғурта соҳасига қимматли қоғозлар эмиссияси орқали инвестициялар жалб қилиш, халқаро стандартлар ва тамойиллар асосида коррупция ва суғурта фирибгарлигига қарши курашиш каби долзарб масалаларга етарли эътибор берилмаяпти.

Бундан 15 йил олдин қабул қилинган “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги қонун  бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб бермайди. Жумладан, мажбурий суғурталашнинг алоҳида турлари ҳукумат қарорлари асосида жорий этилган бўлиб, қонун билан тартибга солинмаган. Бундан ташқари, мамлакат суғурта бозорига йирик халқаро суғурта ва қайта суғурталовчи компанияларнинг  жалб қилинмаётгани, шунингдек, халқаро суғурта назоратчилари уюшмасининг ҳамда молиявий ҳисобот ва бухгалтерия ҳисобининг халқаро норма, стандартлари ва тамойиллари тўлиқ жорий этилмаётгани маҳаллий суғурта компанияларига халқаро рейтинг баҳоларини олишда тўсиқ бўлмоқда.

Тизимдаги шу каби бошқа муаммоларни бартараф этиш учун бир қатор таклифлар ўртага ташланди. Суғурта бозорини тартибга солиш тизимини институционал мустаҳкамлаш, суғурта бозори барқарорлиги ва ишончлилигини таъминлаш, соҳа учун кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, ваколатли орган мақоми, масъулияти ва имкониятларини кучайтириш, суғурталаш жараёнига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш, суғурта полисларини электрон шаклда рўйхатдан ўтказиш, рақамли технологиялар асосида онлайн суғурта турларини ривожлантириш шулар жумласидандир.

Мазкур бозорнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш мақсадида суғурта компанияларини молиявий ҳисобот ва бухгалтерия ҳисобининг халқаро стандартларига босқичма-босқич ўтказилишини таъминлаш, бунда KPMG, PwC, Deloitte ва бошқа етакчи аудиторлик компанияларининг аудиторлик хулосалари, нуфузли халқаро рейтинг агентликларининг рейтинг баҳоларини олишга эришиш, корпоратив бошқарув, суғурта таваккалчиликларини баҳолаш ва қалтисликларни бошқариш тизимини доимо такомиллаштириш, мижозлар, яъни истеъмолчиларга суғурта маҳсулотлари ва хизматларининг нархлари тўғрисида тўлиқ, эркин, сифатли ва таққослама маълумотларни тақдим этиб бориш долзарб вазифалар қаторидан ўрин олган.

Асосий масалалардан бири эса амалдаги қонунчиликни  такомиллаштиришдан иборат бўлиб турибди.

Манба: “Биржа” газетаси