Суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари учун олий таълимда имтиёз берилади

Чоп этиш версияси
15.08.2019

Сўнгги йилларда мамлакатимизда молия бозорининг суғурта сегментини ривожлантиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Жумладан, республикада соҳанинг турли йўналишларида фаолият кўрсатаётган 30 та суғурта компанияси томонидан 2018 йил мобайнида тўланган суғурта тўловлари ҳажми 461,1 млрд. сўмни ташкил этган. Бу эса олдинги йилдагига нисбатан 71 фоизга кўп. Суғурта компанияларининг инвестициялари ҳажми эса 2 трлн. сўмга етиб, 35 фоиз ортган.

Лекин соҳа ривожига тўсқинлик қилаётган айрим муаммолар ҳам мавжуд. Жумладан, суғурта ташкилотлари томонидан суғурталанувчи ёки суғурта объектларига нисбатан ноқонуний талаблар қўйиб, суғурталаш ишларини амалга ошириш ҳолларига йўл қўйилаётгани шулардан бири.

Баъзан эса суғурта компаниялари суғурталаш жараёнида суғурталанувчиларга уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини тўлиқ ва тўғри тушунтирмаётгани сабабли томонлар ўртасида келишмовчиликлар келиб чиқиб, ишлар судларга қадар етиб боряпти.

Ўз навбатида, суғурта ҳодисаси содир бўлганда, тўловларни тўлиқ амалга оширмаслик ёки бу жараёндаги бюрократик тўсиқлар қайта суғурталаш имкониятларини йўққа чиқариб, фуқароларнинг суғурта бозорига бўлган ишончи пасайишига олиб келаётган эди.

Президентимизнинг жорий йил 2 августдаги “Ўзбекистон Республикасининг суғурта бозорини ислоҳ қилиш ва унинг жадал ривожланиши таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу муаммоларни ҳал қилиш, уларнинг келиб чиқишига сабаб бўлаётган омилларни бартараф этишгақаратилгани билан аҳамиятлидир.

Қарорга мувофиқ, суғурта бозорини ислоҳ қилиш ва жадал ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгиланди. Суғурта соҳасида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, бу йўналишдаги фаолиятни тартибга солиш тизимини институционал ривожлантириш, суғурта бозори профессионал иштирокчиларининг капиталлашув даражасини, тўлов қобилияти ва молиявий барқарорлигини ошириш кабилар шулар сирасидандир.

Эндиликда суғурталовчиларнинг устав капитали минимал миқдорлари 2020 − 2022 йилларда босқичма-босқич оширилади. Чунки компания ўз зиммасига олган мажбуриятлар бўйича айнан устав капитали миқдорида жавоб бера олади, яъни бу кўрсаткич унинг мажбуриятлари бажарилишига ўзига хос кафолат ролини ўйнайди. Шу боисдан қарордаги ушбу жиҳат жуда муҳим аҳамиятга эга. Қолаверса, ҳужжатда даромадларнинг 20 фоизигача миқдоридаги ажратмалар ҳисобига шакллантириладиган суғурта ташкилоти захира жамғармасининг чекланган миқдори суғурта ташкилоти устав фондининг 50 фоизигача оширилиши белгиланган. Бу эса, ўз навбатида, суғурта тузилмалари фаолияти барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.

Қарор билан киритилаётган яна бир янгилик шундаки, эндиликда суғуртанинг айрим турлари бўйича электрон полисларни (“Е-полис”) расмийлаштириш механизми жорий этилади. Яъни бу чора мамлакатимизда электрон суғурталашни ривожлантиришга қаратилган бўлиб, аввало, мижозларни виждонсиз суғурта агентларининг товламачилик ҳаракатларидан ҳимоя қилиш, ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнини тезлаштириш, суғурта компаниялари ортиқча харажатларини қисқартириш ҳамда бу маблағларни уларнинг фаолиятини яхшилашга йўналтириш имконини беради.

Суғурта бозори иштирокчилари фаолияти учун янада қулай шарт-шароитларни таъминлаш, шу жумладан, уларнинг солиқ юкини мақбуллаштириш – ҳужжатдан кўзда тутилган яна бир аниқ мақсад. Қарорга кўра, 2020 йил 1 январидан юридик шахслар — суғурта брокерлари ва суғурта агентлари учун ягона солиқ тўлови ставкаси комиссия мукофотининг 13 фоизи миқдорида белгиланади. Гап шундаки, суғурталашда бозор ва давлат бошқарув дастаклари ўртасидаги оралиқ ўринни нарх ёки суғурта мукофоти эгаллайди. Бу мезон тариф ставкаси билан белгиланади. Мажбурий суғурта турлари бўйича суғурта мукофоти қонун асосида, норматив равишда ўрнатилади. Ягона тўлов ставкасининг Қарорда кщрсатилган миқдорда белгиланиши ҳам солиқ тушумларининг самараси, ҳам суғурта бозори иштирокчилари учун оғир бўлмаган даражани кафолатлайди.

Қарорда шунингдек, суғурта соҳасини малакали кадрлар билан таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, 2020/2021 ўқув йилидан суғурта бозорида фаолият олиб бораётган ходимлар учун олий таълим муассасаларининг “Суғурта иши” таълим йўналиши бўйича сиртқи ва кечки бўлимларга тест синовлари ўтказилмасдан, белгиланган қабул квоталаридан ташқари пулли-контракт асосида қабул қилиш тартиби жорий этилади. Бу эса соҳадаги малакали кадрлар етишмовчилигини яқин йилларда батараф қилиш, демакки, иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан муҳим аҳамият касб этган суғурта бозорини жадал ривожлантиришга хизмат қилади.

Мухамет ЖУМАГАЛДИЕВ,

Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари  қўмитаси раиси.

Манба: «Халқ сўзи» газетаси