ТДИУ талабалари “Ўзбекинвест” ўтказган танловда ғолибликни қўлга киритди

Чоп этиш версияси
24.12.2024

“Ўзбекинвест” экспорт-импорт суғурта компанияси “Суғурта соҳасида энг яхши илмий-тадқиқот иши учун грант ажратиш” танловини эълон қилганди. Бугун, 24-декабр куни мазкур танлов ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда “Ўзбекинвест” экспорт-импорт суғурта компанияси масъул ходимлари, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Ўзбекистон Миллий университети ва Банк-молия академияси профессор-ўқитувчилари, талаба ёшлари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан компания бош директори ўринбосари А.Асатуллаев сўнгги 7 йил давомида компания томонидан талаба ёшларнинг билим олишга бўлган қизиқишларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш, компания бизнес жараёнига замонавий технология ва илм-фан ютуқларини изчил жорий этиш борасида қатор ишлар амалга оширилаётганлигини таъкидлади.

Танлов натижаларига кўра, Тошкент давлат иқтисодиёт университети Солиқлар ва бюджет ҳисоби факультети талабалари М.Мухамеджанова ва Ж.Зияевлар томонидан тайёрланган илмий-тадқиқот иши юқори баҳоланди ҳамда уларнинг ҳар бирига 4 000 000 сўмлик грант маблағлари ажратилди. Шунингдек, бу талабаларнинг илмий раҳбарлари, университет “Суғурта иши” кафедраси профессорлари Х.Шеннаев ва О.Юлдашев 3 000 000 сўмлик пул маблағлари билан мукофотланди.