“Ўзбекинвест” компанияси томонидан Тошкент Давлат иқтисодиёт университети талабалари учун семинар ўтказилди

Чоп этиш версияси
24.04.2024

2024-йил 24-апрел куни “Ўзбекинвест” суғурта компаниясининг бош офисида Тошкент Давлат иқтисодиёт университетининг иккинчи ва учинчи курс талабалари учун “Суғуртанинг фундаментал асослари” мавзусида семинар бўлиб ўтди.

Семинарда сўзга чиққан “Ўзбекинвест” акциядорлик жамияти Бош директори Р.Азимов мамлакатимизда олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишга катта эътибор қаратилаётгани, шунингдек, замонавий бозор жамиятини иқтисодий муносабатларнинг алоҳида тури бўлмиш суғуртасиз тасаввур этиб бўлмаслигини таъкидлади.

Тақдимот давомида Иқтисодиёт университети талабалари Ўзбекистонда суғуртанинг ривожланиш тарихи, шунингдек, суғуртанинг иқтисодий моҳияти, функсиялари ва тамойиллари билан яқиндан танишдилар ва ўзларининг қизиқтирган саволларига батафсил жавоб олдилар.

Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёев томонидан “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб эълон қилинган 2023-йилда “Ўзбекинвест” компанияси томонидан суғурта соҳасида таҳсил олаётган талабаларнинг суғурта иши бўйича илмий салоҳияти ва амалий кўникмаларини ошириш бўйича фаол ишлар давом эттирилди.

Талаба ёшларнинг суғурта соҳаси бўйича илмий салоҳиятларини ва суғурта бизнесидаги амалий кўникмаларини ошириш, касбий тайёргарлик сифатларини такомиллаштириш, илмий изланиш фаолиятини рағбатлантириш ва иқтидорли талабаларни компанияга саралаб олиш мақсадида 2023-йил сентябр ойида “Ўзбекинвест” акциядорлик жамияти бош офиси биносида Тошкент молия институтининг “Суғурта иши” кафедраси филиали очилди. Ушбу кафедра филиалининг фаолияти доирасида “Ўзбекинвест” компаниясининг малакали мутахассислари томонидан суғурта соҳаси талабалари учун тизимли равишда семинарлар ўтказилмоқда.