Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, дунё аҳолисининг деярли ярми энг керакли тиббий хизматлар билан тўлиқ қамраб олинмаган. 800 миллиондан ортиқ аҳоли ёхуд дунё аҳолисининг 12 фоизи даромадларининг камида 10 фоизини соғлиқни сақлаш харажатларига сарфлашади.
Технологик тараққиёт тиббиётдаги оғриқли масалаларни ҳал қилаётган бўлса-да, кўплаб давлатларда қашшоқлик аҳоли саломатлиги даражаси кўтарилишига йўл қўймаяпти. Натижада, очлик ва носоғлом яшаш тарзи миллионлаб одамлар ҳаётини қийинлаштирмоқда. Хўш, муаммони бартараф этиш йўллари борми?
Энг оптимал ечимлардан бири мажбурий тиббий суғуртани жорий қилишдир. Бунда молиявий бақувват бўлмаган аҳолининг барча қатлами ҳам тўлиқ тиббий хизмат билан қамраб олинади. Аммо саноқли ривожланган давлатларгина ушбу суғурта турини амалиётга муваффақиятли киритган. Чунки тизимни йўлга қўйиш учун тиббиёт бутун мамлакат бўйлаб бир хил даражада ривожланган бўлиши талаб этилади, бундан ташқари бир қанча иқтисодий-ижтимоий омиллар тиббий суғуртани амалиётга таништиришга халақит қилади.
Тиббий суғурта шундай имкониятки, у нафақат аҳоли саломатлигини кафолатлайди, балки тиббиётдаги оғриқли масалалар (тиббиёт муассасалари моддий-техник базаси, коррупция, бюрократизм, навбатда туриш, кадрлар тақчиллиги ва бошқалар) ни ҳам ижобий томонга ўзгартиролади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо давлатларнинг барчаси 2030 йилга бориб умумий мажбурий суғурта (универсал тиббий қамров)ни жорий этишни мақсад қилиб қўйишган. Ўзбекистонда-чи? Мажбурий тиббий суғуртани амалиётга киритиш мумкинми? Бу борада қандай ишларни қилиш керак? Халқаро тажрибада бу ўзини қанчалик оқлаган?
Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи Ҳамдам Отажонов ушбу масала юзасидан ўз фикрини Kun.uz'га маълум қилди.
Тиббий суғуртанинг мақсади нима?
Тиббий суғурта соҳасида дунё амалиётида асосан икки турдаги тиббий суғурта: ихтиёрий ва мажбурий тиббий суғурта амал қилади. Сўнгги йилларда тиббий хизмат нархлари қимматлашиб кетаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Бундай ҳолатда аҳолининг заиф қатламларида юқори малакали тиббий хизматлардан фойдаланиш учун моддий имконият бўлмай қолиши мумкин. Мажбурий тиббий суғуртанинг асосий мақсадларидан бири ҳам айнан мана шу муаммони бартараф этган ҳолда, тиббий хизматлардан фойдаланишда барчага бир хил имконият яратиб беришдир. Мажбурий тиббий суғурта жорий этилиши тиббий хизмат сифатини ошишига олиб келиб, ўз навбатида фуқароларнинг малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқини тўлақонли амалга ошириш имконини беради. Содда қилиб айтганда, фуқаро соғлиғи ёмонлашиб қолган ҳолларда тиббий хизматлар учун бирданига катта миқдордаги маблағни тўлай олмаслик хавфини олдини олиш учун мажбурий тиббий суғуртадан фойдаланилади.
Мажбурий тиббий суғурта жорий этилиши тиббий хизматлар нархининг арзонлашишига олиб келиб, фуқароларга бир хил нархда хоҳлаган тиббиёт муассасасида сифатли тиббий хизмат олиш имконини беради. Энг асосийси, фуқароларнинг тиббий хизмат учун «ўз чўнтагидан» (out of pocket payments) тўлайдиган пул миқдори камаяди. Ўз навбатида, мажбурий тиббий суғуртада иштирок этаётган фуқаролар соғлом пайти ҳам тўловлар (суғурта мукофоти) тўлашлари мумкин бўлади.
Мажбурий тиббий суғурта жорий этишнинг қандай талаблари бор?
Бунда қуйидаги вазифалар бажарилиши лозим:
1. Соғлиқни сақлаш тизимини молиялаштириш мажбурий тиббий суғуртага мослаштирилиши, яъни давлат томонидан махсус суғурта компанияси (фонд)ни ташкил этиш;
2. Тиббий суғурта компаниялари (фондлари) ва даволаш-профилактика ташкилотлари ўртасида муносабатларни аниқ ҳуқуқий тартибга солиш;
3. Мажбурий тиббий суғурта томонидан қопланадиган тиббий хизматлар рўйхатини шакллантириш;
4. Шифокорлар фуқароларни даволашда ўрнатилган клиник протоколлар ва стандартларга бир хилда амал қилиш;
5. Мажбурий тиббий суғурта жорий этиладиган аҳоли қатламлари ва улар тўлайдиган пул миқдорини аниқ ўрнатиши, шу жумладан имтиёзли аҳоли қатламларини белгилаш;
6. Тиббиёт муассасалари ва тиббий суғурта бозори бошқа иштирокчиларининг электрон ҳужжат алмашинувини жорий этиш;
7. Фуқароларга мажбурий тиббий суғуртанинг афзалликлари бўйича тўғри тушунтириш ишлари олиб бориш.
Ҳукумат бундан қанчалик манфаатдор?
Мажбурий тиббий суғуртани жорий этилиши тиббий хизматлар кўрсатилиши арзонлашувига олиб келиши сабабли давлат бюджетидан харажатлар камаяди, мазкур соҳада ягона тизим яратилиши оқибатида бюрократизм камайиб, давлат бошқаруви осонлашади. Болаларнинг соғлиғига эътибор ошиши натижасида улар соғлом бўлиб ўсиши таъминланади ва келажакда келиб чиқиши мумкин бўлган ижтимоий харажатлар олди олинади. Ҳукумат фуқароларнинг соғлиғини сақлаш мақсадида инсон соғлиғига салбий таъсир кўрсатувчи соҳаларни тартибга солишни кучайтиради, (масалан тамаки ва алкогол маҳсулотлари), натижада мазкур маҳсулотлар нархи ошади.
Халқаро тажриба
Ривожланган 33та давлатдан 32тасида умумий мажбурий тиббий суғурта тизими жорий қилинган бўлиб, улар қуйидаги 3 турдаги мажбурий тиббий суғуртадан бирини қўллашади:
1.Ягона тўлов тизими – давлат соғлиқни сақлаш тизим учун фуқаролардан алоҳида солиқ ундиради. 32та давлатдан 12тасида бу тизим жорий этилган (хусусан Буюк Британияда).
2. 6та давлатда эса мажбурий суғурта полиси (insurance mandate) сотиб олинади. Мазкур тизим барча фуқаролардан иш берувчи орқали ёки давлатдан мажбурий тиббий суғурта сотиб олишни назарда тутади (Германияда кузатилади).
3. Қолган 9та давлатда икки поғонали тизим (давлат бюджети ва хусусий суғурта компаниялари) жорий этилган бўлиб, бу тизимда давлат энг асосий тиббий хизматлар учун фуқаролардан солиқ ундиради ва бу тиббий хизматларни бепул таъминлаб беради. Фуқаролар қўшимча тиббий хизматлар учун ўзлари мустақил тўловларни амалга оширишлари мумкин (Франция мисолида).
Суғурта бозорида кутилаётган таъсир
Gross Insurance суғурта компанияси Олмазор тумани филиали директор ўринбосари Дилноза Умарова:
«Айни вақтда республикада тиббий суғуртанинг ихтиёрий тури мавжуд. Бу суғурта тури асосан юридик шахслар тарафидан ихтиёрий тарзда харид қилиб келинмоқда. Ўзбекистонда ихтиёрий тиббий суғуртани саноқли ташкилотлар (Лукойл, Нестле-Ўзбекистон ва бошқалар) ўз ходимларига ижтимоий пакет тарзида такдим этишади. Энди тасаввур қилинг: республикада қанчадан-қанча ташкилотлар фаолият кўрсатиб келмоқда? Улар ёппасига тиббий суғурта полисини сотиб олишгач, суғурта бозорида тиббий суғурта ҳажми нисбатан кескин суръатларда ошишига олиб келади. Суғурта бозорида кучли рақобат тизими вужудга келади. Шунингдек, суғурта компаниялари ўртасида суғурта хизматларини такомиллаштириш бўйича мажбуриятлар юзага келади. Мисол учун, мижоз 200 минг сўм суғурта мукофотини тўлайдиган бўлса, ўртача ҳисобда унга 1 млн.сўмлик тиббий хизмат кўрсатилади ва бу маблағ суғурта компанияси томонидан қоплаб берилади. Ўз-ўзидан суғурта компанияси сарфлаган ортиқча суммасини яна мижозларни чақириш орқали қоплаб олишга ҳаракат қилади. Натижада, суғурта компаниялари ўз фойдаси учун хизмат сифатини оширади» .
Ўзбекистонда ҳам мажбурий тиббий суғурта жорий этиладими?
Соғлиқни сақлаш вазирлиги мажбурий тиббий суғуртани жорий қилиш бўлими бошлиғи Абзалхўжа Абдуқодиров ушбу масала юзасидан ахборот берди:
«Мажбурий тиббий суғуртани жорий этиш бўйича 2019 йилги Давлат дастурининг 160-бандида аниқ вазифалар белгиланган. Унга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлигига 2019 йилнинг 1 июлида Қонунчилик палатасига қонун лойиҳасини тақдим этиши лозим. 2018 йил 7 декабридаги 5590-сонли Президент фармонида мажбурий тиббий суғуртани жорий қилиш бўйича махсус ишчи гуруҳ тузилиши топшириғи берилган. Вазирлик қошида ташкил этилган бўлимда мана 6 ойдан бери қонун лойиҳасини тайёрлаш бўйича ишлар олиб бориляпти. Унда 2021 йилдан бошлаб 2025 йилгача мажбурий тиббий суғуртани босқичма-босқич жорий қилиш кўзда тутилган. Суғурталаш 3 босқичда амалга оширилади:
1. Қисқа муддатда - тайёргарлик босқичи (2019-2021 йиллар);
2. Ўрта муддатли истиқболда-мажбурий тиббий суғуртани жорий этишнинг дастлабки босқичи - давлат ва хусусий ташкилотлар ходимларини суғурталаш (2021-2023 йиллар);
3. Узоқ муддатда-мажбурий тиббий суғуртани кенгайтирилган жорий этиш босқичи – ахолининг барча қатламларини суғурта билан қамраб олиш (2023-2025 йй.)
Абдуқодировнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасини тайёрлашда Жанубий Корея ва Туркия давлатлари ижобий тажрибаси асос қилиб олинди ва уни тайёрлашда маҳаллий (шифокор, суғуртачи, молиячи ва бошқалар)ва ЖССТ экспертлари иштирок этди.
«Энди молиялаштириш масаласига ўтсак. Режага кўра, 2020 йилда махсус жамғарма ташкил этилиб, унинг манбалари (Молия вазирлиги ҳали ушбу молиявий манбаларни тасдиқламаганлиги сабабли ушбу рўйхат ўзгариши мумкин) қуйидагилар бўлади:
- аҳоли даромадидан тўланадиган суғурта бадаллари;
- алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сотилишидан тушган тушумлардан қилинадиган ажратмалар (масалан, аксиз солиғи ҳозир 12% бўлса, мажбурий тиббий суғурта жорий этилгандан кейин у 1%га оширилиши мумкин ва шу 1 фоиз жамғарма ҳисобига ўтказилади);
- инсон соғлиғи ва атроф-муҳитга зарар келтирувчи завод-фабрикалардан тўланадиган ажратмалар (бунда ҳам худди шу тартиб амал қилади).
Яна бир муҳим маълумотга эътиборингизни қаратмоқчиман: мажбурий тиббий суғурталашни фақатгина мана шу жамғарма амалга оширади. Нима учун суғурта компаниялари жараёнда иштирок этмайди? Чунки халқаро тажрибани ўрганганимизда, улар фақат воситачи вазифасини бажариши мумкин, яъни мижозни топиб, шартнома тузади холос. Молиялаштириш эса жамғарма зиммасига юкланади. Суғурта компанияларининг иштироки ижобий ҳол, албатта. Аммо бунинг салбий жиҳатлари кўпроқ эканлиги исботланган. Битта мисол: ушбу вазиятда суғурта компаниялари аҳолининг соғлом қатламига кўпроқ эътибор бера бошлайди. Аксинча, қариялар, ногиронларга суғурта полисини расмийлаштиришдан қочишга ҳаракат қилишади, чунки компанияларнинг асосий мақсади фойда олиш ҳисобланади. Шуни инобатга олган ҳолда, мажбурий тиббий суғурталашни жамғарма бажаради (ихтиёрий тиббий суғурта бундан мустасно)» , — дейди у.
«Мажбурий тиббий суғурта жорий қилинса, шифокор беморнинг соғлиғига қайғуради, унинг чўнтагига эмас»
Абдуқодиров мажбурий тиббий суғуртанинг ҳаётга татбиқ этилиши тиббиётда анча йиллардан бери тўпланиб қолган муаммоларни бартараф этиши ҳақида ҳам фикрларини баён этди.
Унга кўра, энг катта муаммо – коррупциоген ҳаракатлар камаяди. Суғурта полиси билан келган беморга шифокорлар ҳар қачонгидан кўра сифатлироқ хизмат кўрсатишади, чунки у ўзи билан маблағ олиб келяпти, яъни суғурта компаниялари тиббий хизмат ҳақини тўлаб беришади.
«Бунинг ортидан шифохоналарнинг моддий аҳволи яхшиланади. Натижада, ходимларга юқори маош тўланади. Олдингидек беморларнинг чўнтагига «кўз тикилмайди» . Асосий эътибор унинг соғлиғини тиклашга қаратилади. Иккинчи ижобий тарафи тиббиёт муассасалари ўртасида соғлом рақобат кучаяди. Бунда улар кўпроқ беморларга хизмат кўрсатиш учун сифатни оширишга ҳаракат қилишади: моддий-техник базани яхшилаш, малакали кадрларни жалб қилишга уринишади. Учинчидан, тенглик принципи шаклланади. Беморнинг ижтимоий келиб чиқишига эътибор бериш барҳам топади. Шифокор учун бой-камбағалнинг аҳамияти йўқолади», — дейди у.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ушбу тизимни жорий қилишдан олдин тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базаси бутун республика бўйлаб бир хил бўлиши керак. Пойтахт фуқароси билан чекка қишлоқ аҳолисига тенг даражада тиббий хизмат кўрсатилиши лозим. Бунга бирдан эришиш бўлмайди ва маълум вақт талаб қилади. Ривожланган давлатларда ҳам мажбурий тиббий суғуртани жорий этиш учун 20-30 йиллаб вақт кетган. Ўзбекистон шароитида яқин йиллар ичида тизим йўлга қўйиладиган бўлса, албатта,бошида камчиликлардан ҳоли бўлмайди. Лекин муҳим жиҳати шуки, мажбурий тиббий суғурта тиббиёт ривожи йўлида қўйилган энг дадил қадам бўлиб қолади.
Манба: Kun.uz