2021 йилда “Ўзбекинвест” халқаро суғурта бозорида операциялари ҳажмини 3 баравар оширди

Чоп этиш версияси
07.04.2022

Халқаро LIoyds суғурта бозорига "Ўзбекинвест" ЭИСК АЖ нинг фаол кириб келиши натижасида компания 2021 йилда дунё миқёсидаги суғурта бозорида ўз фаолияти ва кўрсатадиган хизматлари турини кенгайтириб, қайта суғурталаш бўйича ялпи йиғимни 20 миллион АҚШ долларига тенг эквивалентда таъминлади ва бизнес ҳажмларининг динамик ўсишини
2020 йил натижаларига нисбатан 304% га оширди.

Мазкур кўрсаткич бўйича компания республикада етакчи ўринни эгаллаган бўлиб, кирувчи қайта суғурталаш (хизматлар экспорти) орқали
15,5 миллион АҚШ доллар миқдорида суғурта мукофотлари йиғилишини таъминлади, бу эса 2021 йил мобайнида республика суғурта компаниялари томонидан йиғилган қайта суғурта мукофотлари умумий ҳажмининг
49 фоизини ташкил этди.
Шуни таъкидлаш лозимки, сўнгги 5 йилда компаниянинг суғурта портфелидаги хизматлар экспортининг улуши 0,1 фоиздан 43 фоизга ошган.

Хусусан, “Allianz SE” (Германия), “Zurich Insurance Group” (Швейцария), “Tokio Marine & Nichido Fire Insurance Co” (Япония), AXA (Франция), “People Insurance Company of China” (Хитой), “Korean Reinsurance Company” (Корея), “Marsh” (АҚШ), “AON”, “UIB”, “Consilium Insurance Brokers Ltd” (Буюк Британия) каби дунё миқёсида тан олинган, машҳур трансмиллий суғурта ва глобал қайта суғурталаш компаниялари ҳамда брокерлари билан 477 та қайта суғурталаш шартномалари тузилган.

5 йил аввал ташқи бозорда қайта суғурталаш даъволарининг қопламалар ҳажми 130 АҚШ доллари миқдорини ташкил этган бўлса, ўтган давр мобайнида ушбу кўрсаткич кўтарилиб борди ва 2021 йилда 252 минг АҚШ долларини ташкил этди.

Бу кўрсаткичларнинг барчаси халқаро суғурта бозорининг иштирокчилари ва хорижий ҳамкорлари, жумладан, дунёнинг LIoyds халқаро суғурта бозори томонидан ҳам “Ўзбекинвест” компаниясининг тан олингани, унинг фаол ва нуфузли иштирокчиси сифатида эътироф этилганидан далолат беради.

Жорий йилда “Ўзбекинвест” компанияси суғурта ва қайта суғурталаш хизматлари ҳажмини кенгайтириш, мижозлар ва халқаро ҳамкорлар учун жахон стандартлари даражасида тезкорлик, хизмат кўрсатиш сифати
ва ишончлилигини оширилиши йўналишларида қатор чора-тадбирлар амалга оширилишини давом этади.