“Ўзбекинвест” компанияси экспорт операцияларини амалга оширишда рўй бериши мумкин бўлган хавф-хатарлар оқибатларидан ҳимоя қилиш учун суғурта механизмидан фойдаланишнинг имкониятларини ишлаб чиқариш ташкилотлари, тадбиркорлар ҳамда кичик ва ўрта бизнес вакилларига етказиш ҳамда суғуртанинг афзалликлари ҳақидаги ташвиқот-тарғибот ишларини тизимли равишда олиб боришни йўлга қўйди.
2021 йил 1-4 февраль кунлари компания ходимлари Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларидаги экспортчи корхоналарга ташриф буюриб бевосита мулоқотлар ўтказдилар. Учрашувларда 2020 йилнинг август ойида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан экспорт суғуртасини амалга оширишнинг янги тартиби тасдиқланганлиги ҳамда экспорт суғуртасидан фойдаланганда суғурта мукофоти учун тўлов харажатларини компенсация қилиш тартиби жорий этилганлиги ҳақида кенгайтирилган маълумотлар ва тушунтиришлар берилди. Экспортчилар ўзларининг фаолиятларини амалга оширишларида пайдо бўлаётган муаммолар ўрганилди.