“Ўзбекинвест” экспорт-импорт миллий суғурта компаниясини қайта ташкил этиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамаси қарори

Чоп этиш версияси
31.01.2020

Жорий йилнинг 30 январь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекинвест” экспорт-импорт миллий суғурта компаниясининг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 46-сонли қарори қабул қилинди.

Қарорда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг “Ўзбекинвест” экспорт-импорт миллий суғурта компаниясини “Ўзбекинвест” экспорт-импорт суғурта компанияси” акциядорлик жамияти этиб қайта ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик бериш белгилаб қўйилди.

Шунингдек, “Ўзбекинвест” ЭИСК” АЖ устав капиталидаги давлат акциялари (улушлари) пакети бўйича акциядорлик ҳуқуқи Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига ўтказилади.

Қарорга мувофиқ, “Ўзбекинвест” ЭИСК” АЖнинг асосий вазифалари қуйидагилар этиб белгиланди:

 

  • экспортни суғурта билан қўллаб-қувватлаш бўйича комплекс хизматларни, шу жумладан харидорларнинг кредити, қисқа муддатли дебиторлик қарзи, етказиб берувчининг кредити, тасдиқланган аккредитив,экспортчининг айланма маблағларини тўлдириш учун берилган кредит, экспорт факторинги ва экспортни суғурта билан қўллаб-қувватлашнинг бошқа инструментларини тақдим этиш;
  • хорижий ва маҳаллий инвесторлар томонидан Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётига киритиладиган тўғридан-тўғри ва портфель инвестицияларнинг комплекс суғурта ҳимоясини таъминлаш;
  • Ўзбекистон Республикасининг суғурта фаолияти тўғрисидаги қонунчилигига мувофиқ бошқа суғурталаш турларини амалга ошириш;
  • хорижий мамлакатларнинг экспорт-кредит агентликлари, суғурта ва қайта суғурта компаниялари билан тижорат ва сиёсий хатарларни суғурталаш бўйича ҳамкорлик ўрнатиш;
  • халқаро, хорижий ва маҳаллий суғурта ташкилотлари билан ҳамкорликни ривожлантириш, биргаликда суғурта ва қайта суғурта операцияларини амалга ошириш.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистоннинг экспорт ҳажми ҳамда хорижий ва маҳаллий сармоядорлар киритаётган инвестициялар кундан кунга кўпаймоқда. Мазкур қарорнинг қабул қилиниши эса суғурта ҳимояси механизмларини такомиллаштириш, шунингдек, экспортни ривожлантириш, хорижий инвестицияларни янада кўпроқ жалб этишга замин яратади.