«ЎЗБЕКИНВЕСТ» КОМПАНИЯСИ ЭНГ ЯХШИ МОБИЛ СУҒУРТА ХОДИМЛАРНИ ТАҚДИРЛАДИ

Чоп этиш версияси
19.07.2019

Аҳоли ўртасида суғурта хизматларини янада оммалаштириш, суғуртанинг мажбурий ва ихтиёрий турларига республиканинг чекка ҳудудларини ҳам жалб этиш мақсадида «Ўзбекинвест» миллий суғурта компанияси томонидан ўтказилган «Мобил суғурта бўйича энг яхши ходим» танловининг ғолиблари аниқланди.

Охирги йилларда «Ўзбекинвест» компанияси томонидан жисмоний шахслар билан ишлаш, суғурта тизимига шаҳар ва қишлоқ аҳолисини фаол жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимизда суғурта хизматлари қамровини янада кенгайтириш, кўрсатилаётган хизматларнинг аҳоли учун қулай ва тезкорлигини таъминлашда мобил суғурта ходимлари муҳим рол ўйнайди. Мобил суғурта ходимларининг малакасини ошириш ва доимий рағбатлантириш табиийки, уларнинг иш сифатига ижобий таъсир этади. Ушбу жиҳатлар инобатга олиниб, «Ўзбекинвест» компанияси томонидан мобил суғурта ходимларининг энг яхшиларини тақдирлаш мақсадида танлов эълон қилинган эди.

Таъкидлаш жоизки, компания томонидан суғурта ҳимоясининг афзалликларини тушунтириш бўйича олиб борилаётган тадбирлар натижасида охирги йилларда аҳоли ўртасида суғурта хизматларига бўлган қизиқиш ва талаб ортиб бормоқда.

Суғурта хизматлари сифатини ошириш ва ҳудудларда фаолият географиясини кенгайтириш, янги ва жозибадор суғурта маҳсулотларини жорий этиш ҳамда жисмоний ва юридик шахслар кесимида фаол суғурта фаолиятини юритиш натижасида жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида компания томонидан қарийб 153 млрд. сўм ҳажмда суғурта мукофотлари йиғилган ва 2018 йилнинг шу даврига нисбатан ўсиш 135,5 фоизни ташкил этган. Шундан фақат жисмоний шахслар кесимида йиғилган суғурта мукофотлари ҳажми эса 18,6 млрд. сўмни ёки ўтган йилга нисбатан 2 баробар кўпни ташкил этган.

Компания тизмида жисмоний шахслар билан ишлаш бўйича ёндашувнинг тубдан яхшиланиши натижасида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида фақат жисмоний шахслар билан тузилган суғурта шартномалари сони 243 мингдан ортиқни ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўсиш 152 фоизни ташкил этган.

2019 йилнинг 19 июль куни ушбу танловнинг ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди ва унда энг яхши мобил суғурта ходимларига қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.

1-ўрин – Ибрагимова Орзигул Отажон қизи, Андижон вилояти (музлатгич);

2-ўрин – Маматова Юлдузхон Абдусаломовна, Андижон вилояти (43 диагоналли телевизор);

3-ўрин – Норбўтаева Навбаҳор Холмўминовна, Самарқанд вилояти (газ плитаси).

«Ўзбекинвест» ЭИМСК Ахборот хизмати