“Ўзбекинвест” компанияси аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида янги суғурта маҳсулотларини ишлаб чиқди

Чоп этиш версияси
02.08.2018

Компания фаолиятининг асосий йўналишларидан бири мижозлар манфаатига мос келадиган сифатли суғурта хизматларини тақдим этишдан иборат. Мижозлар талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб, жорий йилнинг I ярмида сайёҳлар, аҳоли уй-жойлари, юкларни, кредитларни суғурталашга қаратилган 6 та янги суғурта маҳсулоти ишлаб чиқилди.

Туризм иқтисодиётнинг муҳим тармоқларидан бири ҳисобланади. Шу сабабли, охирги йилларда мамлакатимизда туризмни ривожлантириш, сайёҳлик объектларидан самарали фойдаланиш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, юртимизга ташриф буюраётган сайёҳлар оқимини кўпайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони туризм тармоғини жадал ривожлантиришга қаратилган бўлиб, бугунги кунда мамлакатимизда туризмнинг янги истиқболлари очилиб, турли йўналишларда кенг қамровли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, кейинги йилларда альпинизм, велосипедда саёҳат қилиш, off-road сайёҳатлари, рафтинг, геотуризм каби янги сайёҳлик йўналишлари оммалашмоқда.

Ички ва ташқи туризмни янада ривожлантириш учун зарур инфратузилмани яратиш ва сайёҳларга халқаро талаблар даражасида хизмат кўрсатиш талаб этилади. Суғурта ҳам ушбу хизматлардан бири ҳисобланади. “Ўзбекинвест” компанияси томонидан саёҳатчини бахтсиз ҳодисалардан суғурталаш, унинг багажини суғурталаш, туристик фаолият юритувчи субъектларнинг жавобгарлигини суғурталаш, меҳмонхона бизнесини комплекс суғурталаш каби хизматлар ишлаб чиқилди.

Саёҳатчиларнинг багажини суғурталаш

Саёҳатчилар багажини суғурталаш суғурта хизмати сайёҳатчининг багажини ўғрилик, талончилик ва транспорт воситасининг ҳалокат ёки фалокатга учраши, шунингдек, учинчи шахслар томонидан қасддан зиён етказиши натижасида багажнинг бутунлай ёки қисман йўқолиши ҳолатларида суғурта ҳимоясини тақдим этишни кўзда тутади.

Қайд этиш керакки, ушбу суғурта хизматига мувофиқ багаж сайёҳатчининг Ўзбекистон ҳудудига сафар қилиш вақтида олиб келган шахсий мол-мулки ҳисобланиб, бунга саёҳатчининг туристик хизмат бўйича транспорт ташкилотига топширган багажи ёки вақтинчалик яшаш жойида қолдирилган ҳамда қўлида бўлган юки ҳисобланади.

Саёҳатчи ҳимояси

Яна бир янги суғурта маҳсулоти – “Саёҳатчи ҳимояси” деб номланиб, ушбу суғурта турига мувофиқ компания суғурталанган шахснинг ички туризмни амалга ошириши давомида кутилмаган бахтсиз ҳодиса натижасида тан жароҳати олганда ёки соғлиғи/ҳаётига зарар етганда суғурта ҳимоясини тақдим этади.

Ушбу хизматдан республика ҳудудида доимий яшовчи шахслар фойдаланиш имкониятига эга, улар мамлакатимиз ҳудудида сайёҳат қилиш даврида суғуртага олинади.

Туризм бизнеси субъектлари жавобгарлигини суғурталаш

Сайёҳлик соҳасида хизмат кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларининг жавобгарлигини суғурталашга қаратилган бўлиб, уларнинг мижозлари ҳисобланган сайёҳлар ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига зарар етиши оқибатида юзага келадиган жавобгарлиги юзасидан суғурта ҳимоясини тақдим этади.

Ушбу суғурта турига мувофиқ, сайёҳат қилдириш, яъни туристик объектларни кўрсатиш, сайёҳларни жойлаштириш, овқатлантириш ҳамда транспорт, экскурсия, ахборот-консалтинг ва қонун билан тақиқланмаган сайёҳларнинг эҳтиёжларини қондиришга йўналтирилган бошқа фаолият турлари туристик хизматлар ҳисобланади.

Меҳмонхона бизнесини суғурталаш

Ушбу суғурта маҳсулоти меҳмонхона бизнесини комплекс суғурталашга қаратилган. Мазкур суғурта хизмати бахтсиз ҳодиса оқибатида меҳмонхона мол-мулкига етадиган зарарларни, меҳмонхона фаолиятининг вақтинчалик тўхтаб қолиши сабабли етадиган зарарларни қоплаб беришни ҳамда унинг ишчи ходимларини бахтсиз ҳодисалардан суғурталаш, шу билан бирга, ижарачилар олдидаги жавобгарлигини суғурталайди.

Истеъмол ва микрокредитни суғурталаш

Тижорат банклари томонидан истеъмол ва микрокредитларни бериш билан боғлиқ тадбиркорлик хавфини суғурталаш тури “Ўзбекинвест” компанияси тижорат банклари томонидан берилаётган кредитларнинг қайтмаслик хавфини суғурталайди, яъни, тижорат банклари томонидан мобил иловалари орқали қарз олувчининг пластик карточкаларига ажратиладиган пул миқдорининг кутиш муддатидан кейин юзага келадиган зарарларни қоплашни кўзда тутади.

Бунда ажратилган кредитни қўллаш учун кредит шартномасида (мобил оферта) назарда тутилган тўловлар қопланиши шарт бўлган пул миқдори зарар сифатида қабул қилинади.

Таълим муассасалари ўқувчиларини бахтсиз ҳодисалардан суғурталаш

“Ўзбекинвест” компаниясининг таълим муассасаларида ўқувчиларни бахтсиз ҳодисалардан суғурталашни тури бахтсиз ҳодисалар оқибатида ўқувчилар соғлиғи ва ҳаётига ўқув даргоҳида зарар етганда суғурта ҳимояси тақдим этилади.

Таъкидлаш лозимки, «Ўзбекинвест» компанияси томонидан бугунги кунда юридик ва жисмоний шахслар мол-мулки, аҳоли соғлиғи ва ҳаётини суғурта ҳимоясига қаратилган 100 дан ортиқ ихтиёрий ва мажбурий суғурта турлари маҳсулотлари билан ўз мижозларига сифатли суғурта хизматларини кўрсатиб келмоқда.

«Ўзбекинвест» ЭИМСК Ахборот хизмати

Profiler