«Ўзбекинвест» компанияси энг яхши суғурта агентларни тақдирламоқда

Чоп этиш версияси
22.10.2018

«Ўзбекинвест» миллий суғурта компанияси томонидан мамлакатимизда суғурта хизматлари қамровини янада кенгайтириш мақсадида ташкил этилган энг яхши суғурта агентлари танловининг Тошкент вилояти босқичи ўтказилди.

Мамлакатимизда суғурта хизматлари қамровини янада кенгайтириш, кўрсатилаётган хизматларнинг аҳоли учун қулай ва тезкорлигини таъминлашда суғурта агентлари муҳим рол ўйнайди. Суғурта агентларини малакасини ошириш ва доимий рағбатлантириш табиийки, уларнинг иш сифатига ижобий таъсир этади. Ушбу жиҳатлар инобатга олиниб, «Ўзбекинвест» компанияси томонидан суғурта агентлари ўртасида энг яхшиларини тақдирлаш мақсадида жорий йил бошида танлов эълон қилинган эди.

2018 йилнинг 19 октябрь куни ушбу танловнинг Тошкент вилояти босқичи бўлиб ўтди. Унда компаниянинг Тошкент вилояти филиали раҳбарияти, филиал ва бўлим ходимлари, суғурта агентлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда маълумот берилдики, компания томонидан суғурта ҳимоясининг афзалликларини тушунтириш бўйича олиб борилаётган тадбирлар натижасида охирги йилларда аҳоли ўртасида суғурта хизматларига бўлган қизиқиш ва талаб ортиб бормоқда.

Суғурта хизматлари сифатини ошириш ва ҳудудларда фаолият географиясини кенгайтириш, агентлик тармоғини ривожлантириш, янги, долзарб суғурта маҳсулотларини жорий этиш ҳамда жисмоний ва юридик шахслар кесимида фаол суғурта фаолиятини юритиш натижасида жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида компания томонидан 137 млрд. сўм ҳажмда суғурта мукофотлари йиғилди ва бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,5 баробар кўп.

Ушбу кўрсаткичларни Тошкент вилояти кесимида таҳлил этадиган бўлсак, 9 ой давомида филиал томонидан 6,7 млрд. сўм суғурта мукофоти тушуми таъминланган ва бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига қиёслаганда 1,7 баробарга ўсган.

Мазкур рақамларда суғурта агентларининг ҳам улуши борлиги улар билан ҳамкорликни янада самаралироқ ташкил этиш лозимлигини кўрсатади.

Бугунги кунда вилоятнинг шаҳар ва туманларида жойлашган 16 та суғурта бўлимлари, 75 та суғурта агентлари ва 19 та ёлланма ишчилар фаолият олиб бормоқда.

Тадбир якунида энг яхши суғурта агентлари тақдирланди ва уларга қимматбаҳо савғалар тақдим этилди.

3-ўрин – Ҳасанов Ихтиёр Одилович (чангютгич);

2-ўрин – Якубов Музаффар Мирвахитович (микротўлқинли печ);

1-ўрин – Султонов Аброр Абдужаббарович (32 диагоналли телевизор).

«Ўзбекинвест» ЭИМСК Ахборот хизмати