Сўнгги 3 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев ташаббусига кўра ва раҳбарлиги остида давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида, хусусан иқтисодиёт соҳасида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилиб, суғурта бозорининг тез суръатларда ўсиши учун қулай шароитлар яратмоқда.
«Ўзбекинвест» миллий суғурта компанияси суғурта соҳасининг ривожланиши жараёнида фаол иштирок этган ҳолда 2019 йилнинг ўтган 9 ойи якунларига кўра ижобий динамикани намойиш қилди ва фаолиятининг асосий кўрсаткичлари барқарор ўсишини таъминлади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 декабрдаги «Экспортга кўмаклашиш ва уни рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» ва жорий йилнинг 24 майидаги «Экспорт фаолиятини молиялаштириш ва суғурта ҳимояси механизмларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарорларида белгиланган вазифаларга мувофиқ товар ва хизматларни экспорт қилувчи маҳаллий экспортчиларимизга жорий йилнинг ўтган даврида 547 млн. АҚШ доллари миқдорида суғурта ҳимояси тақдим этилди, ваҳоланки, ушбу кўрсаткич бутун 2018 йил учун 9 млн. АҚШ долларини ташкил этган.
Аҳолининг соғлиғи ва мол-мулкини суғурта ҳимояси билан ҳамда корпоратив сектордаги суғурта хизматларини ривожлантиришни таъминловчи фаол иш натижасида «Ўзбекинвест» компанияси томонидан ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 176 фоиз ўсиш билан 241 млрд. сўм ҳажмида суғурта мукофотлари йиғилди.
Тузилган суғурта шартномалари бўйича олинган суғурта мажбуриятлари ҳажми 54,6 трлн. сўмни ёки 5,7 млрд. АҚШ доллари эквивалентини ташкил этди.
«Ўзбекинвест» компанияси жорий йилнинг 9 ойлик фаолияти якунларига кўра миллий суғурта бозорида етакчилик ўрнини сақлаб қолди ва мустаҳкамлади.
Аҳоли билан фаол ишлаш эвазига жисмоний шахсларни суғурталаш сегментида 33,3 млрд. сўм ёки 2018 йилнинг шу даври билан таққослаганда 2,3 баробар кўп ҳажмдаги суғурта мукофотлари тушумини таъминлашга эришилди.
Жорий йилнинг 9 ойида республика ҳудудларида, шу жумладан олис ҳудудларда 19 та янги суғурта бўлимлари очилди ва уларнинг умумий сони 206 тага етди. Ҳудудий бўлимлар томонидан 75,1 млрд. сўм суғурта мукофотлари тушуми ёки 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 143 фоиз ўсиш таъминлангани эса «Ўзбекинвест» компанияси қишлоқ аҳолиси ва корхоналари билан фаол ишлаётганидан далолат беради.
Таъкидлаш жоизки, ушбу кўрсаткичнинг юқори даражада ўсишининг сабаби 48,1 млрд. сўм ҳажмида суғурта мукофотлари тушумини ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 181 фоиз ўсишни таъминлаган туман суғурта бўлимларининг фаоллигидир.
Корпоратив сектор ташкилотлари, шу жумладан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси вакиллари билан олиб борилган жадал суғурта фаолияти 207,7 млрд. сўм миқдорида суғурта мукофотлари тушумини ёки ўтган йилнинг шу даври билан таққослаганда 170 фоиз ўсишни таъминлаш имкониятини берди.
Шу билан бирга, компаниянинг мижозлар базаси 2018 йилнинг шу даврига нисбатан биринчи навбатда қишлоқ жойларидаги мижозлар ҳисобига 148 фоизга ўсиб, жисмоний ва юридик шахслар билан тузилган шартномалар сони 521 мингтани ташкил этди.
Ушбу даврда компания томонидан 9 067 та суғурта даъволари кўриб чиқилди ва 14,2 млрд. сўм миқдорида суғурта товони тўлаб берилди.
Жадал халқаро суғурта фаолиятининг олиб борилиши натижасида АҚШ, Япония, Корея, Туркия, Россия Федерацияси, Швейцария ва бошқа давлатларнинг инвесторлари ва пудратчилари томонидан давлат дастурлари доирасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган лойиҳалари бўйича қабул қилинган мажбуриятлар ҳажми 17 млрд. АҚШ долларини ташкил этди.
Компанияси нафақат Ўзбекистон суғурта бозорида, балки халқаро суғурта бозорларида жадал суғурта фаолиятини амалга ошириб, аксарият қисми жаҳон суғурта компанияларининг биринчи ўнталигига кирувчи Allianz SE ва HDI Global Network AG (Германия), Zurich Insurance Group (Швейцария), Tokio Marine & Nichido Fire Insurance Co. Ltd. (Япония), AXA (Франция), People Insurance Company of China (Хитой), Korean Reinsurance Company (Корея), «Ингосстрах» ва «Согаз» (Россия) ва бошқалар каби етакчи трансмиллий суғурта, қайта суғурта компаниялари ва суғурта брокерлари билан ҳамкорлик қилмоқда.
Жорий йилнинг 9 ойи якунларига кўра компаниянинг инвестиция портфели 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 117 фоизга ўсиб, 869,6 млрд. сўмни ташкил этди, шундан 320,4 млрд. сўми тижорат банкларига депозит маблағлари кўринишида жойлаштирилди, 531,4 млрд. сўми йирик ташкилотларнинг акцияларига инвестиция қилинди.
Жорий йилнинг 10 июль куни мамлакатимизда суғурта хизматлари бозорини ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш айни пайтда компания фаолиятининг асосий ва устувор йўналиши ҳисобланади.
Хусусан, экспорт суғуртаси бўйича хизматларни янада ривожлантириш ва ўсишини таъминлаш, аҳоли ва бизнес субъектлари эҳтиёжларидан келиб чиқиб, инновацион суғурта маҳсулотларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, онлайн суғуртани оммалаштириш ва компания фаолиятида замонавий информацион технологияларни жорий этиш, «узлуксиз таълим» концепциясини амалга ошириш ва компания ходимлари малакасини ошириш, суғурталанувчиларнинг шахсий ва мулкий манфаатларига ишончли суғурта ҳимоясини тақдим этиш мақсад ва вазифалари белгиланган.
«Ўзбекинвест» компанияси ахборот хизмати