“Ўзбекинвест” компанияси мутахассислари Японияда малака ошириб қайтишди

Чоп этиш версияси
15.05.2018

«Ўзбекинвест» миллий суғурта компанияси дунё суғурта бозорининг илғор тажрибасини ўрганиш, сўнги янгиликларни ўз фаолиятида жорий этиш ва халқаро суғурта бозорида ўз мавқеини янада мустаҳкамлаш учун хорижий молиявий ташкилотлар билан билан доимий ҳамкорлик қилиш мақсадида хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганиб келмоқда.

Шунингдек, компания фаолиятини янада ривожлантириш мақсадида Компания мутахассислари Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) томонидан “Бизнес раҳбарлари малакасини ошириш” дастури бўйича Токио шаҳрида ташкил этилган малака ошириш курсида иштирок этишди.

Ўн кунлик сафар доирасидаги семинарларда Япониянинг консалтинг, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида фаолият юритувчи мутахассислари томонидан амалий маркетингни жорий этиш, чакана савдо ҳажмини ошириш, муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш усуллари каби масалалар бўйича иштирокчиларга маълумотлар берилди ва семинарлар давомида “Ўзбекинвест” компанияси фаолияти бўйича тақдимот ўтказилди.

Бундан ташқари, малака ошириш курси иштирокчилари FANCL, TANITA ва «Cocokara Fine» компанияларининг фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Компания мутахассисларининг бу каби семинарларда иштирок этиши келажакда мамлакатимизда суғурта бозорини янада ривожлантириш, хорижнинг илғор тажрибаларини жорий этиш, қайта суғурталаш борасидаги халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади.

«Ўзбекинвест» ЭИМСК ахборот хизмати