«Ўзбекинвест» компанияси туризм соҳаси учун суғурта хизматларини кенгайтирмоқда

Чоп этиш версияси
20.05.2019

Бугунги кунда туризм соҳаси энг тез ривожланиб бораётган ва иқтисодиётнинг муҳим тармоқларидан бири ҳисобланади.

Мамлакатимизда туризмни ривожлантириш, сайёҳлик объектларидан самарали фойдаланиш, кўрсатилаётган хизмат турлари сифатини ошириш, юртимизга ташриф буюраётган сайёҳлар оқимини кўпайтириш масалаларига катта эътибор қаратилмоқда.

Бу мамлакатимизда ички ва ташқи туризмни ривожлантириш учун зарур инфратузилмани яратиш ва сайёҳларга халқаро даражада хизмат кўрсатишни талаб этади.

Ушбу йўналишда суғурта хизматлари алоҳида аҳамиятга эга, бу борада “Ўзбекинвест” миллий суғурта компанияси туристик фирмалар, туроператорлар, меҳмонхона эгалари, маҳаллий ва хорижий туристларнинг мулкий ва шахсий манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган суғурта хизматларини кенгайтириб бормоқда.

Жумладан, Компания томонидан қуйидаги янги суғурта маҳсулотлари ишлаб чиқилди:

- “Туроператорларнинг саёҳат турининг бекор қилиниши билан боғлиқ кўзда тутилмаган харажатларни суғурталаш”;

- “Туроператорларнинг хорижий контрагентларнинг банкротликка учраши билан боғлиқ кўзда тутилмаган харажатларини суғурталаш”;

- “Туроператорларнинг авиарейсларнинг ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши билан боғлиқ кўзда тутилмаган харажатларини суғурталаш”;

- “Сайёҳлар багажини суғурталаш”.

Туроператорларнинг саёҳат турининг бекор қилиниши билан боғлиқ кўзда тутилмаган ҳаражатларни суғурталаш

Ушбу суғурта тури бўйича суғурта компанияси суғурталанган саёҳатчи томонидан сайёҳлик тури бекор қилиниши натижасида суғурталанган туроператорнинг кўзда тутилмаган, яъни меҳмонхона, транспорт, трансфер ва бошқа харажатлари учун амалга оширилган тўловлари билан боғлиқ харажатлари юзасидан кўрилган зарарларни қоплаб бериш мажбуриятини зиммасига олади.

Туроператорлар хорижий контрагентининг банкрот бўлиши билан боғлиқ кўзда тутилмаган харажатларни суғурталаш

Мазкур суғурта тури бўйича суғурта компанияси суғурталанган туроператор контрагентлари (шартнома бўйича ишловчи ҳамкорлари)нинг тўлов қобилиятини тўлиқ йўқолиши натижасида ўз мажбуриятларини бажара олмай қолиши сабабли туроператорнинг кўзда тутилмаган, яъни хорижий турни ташкил қилиш мақсадида меҳмонхона, транспорт, трансфер ва бошқа харажатлари учун амалга оширган тўловлари бўйича кўрган зарарларини қоплаб бериш мажбуриятини зиммасига олади.

Туроператорлар авиарейснинг кўчирилиши ёки бекор қилиниши билан боғлиқ кўзда тутилмаган харажатларни суғурталаш

Ушбу суғурта тури бўйича суғурта компанияси суғурталанган туроператор табиат ҳодисалари, об-ҳавонинг таъсирида, авиакомпаниянинг ички тартиблари ва бошқа сабабларга кўра авиарейсни кўчирилиши ёки бекор қилиниши натижасида туропрераторнинг кўзда тутилмаган, яъни хорижий турни ташкил қилиш билан боғлиқ меҳмонхона, транспорт, трансфер ва бошқа харажатлари учун амалга оширилган тўловлари сабабли кўриладиган зарарни тўлаб бериш мажбуриятини зиммасига олади.

Сайёҳлар багажини (мол-мулкини) суғурталаш

Суғуртанинг ушбу тури шартларига кўра суғурта компанияси суғурталанган сайёҳ багажига табиат ҳодисалари, ёнғин, довул, сел, сув босиши, зилзила, туфон, ер кўчиши ва ҳаказолар, учинчи шахсларнинг қонунга зид хатти-ҳаракатлари (ўғрилик, босқинчилик, талон-тарож ва қастдан зарар етказиш ва ва ҳаказолар) ҳамда транспорт воситаси билан йўл транспорт ҳодисалари ёки суғурталанувчи билан бахтсиз ҳодиса содир бўлиши оқибатида багажга зарар етиши суғурта ҳодисаси ҳисобланади. Ушбу шартларга кўра тузилган суғурта шартномасига асосан саёҳатчи багажига, яъни суғурта қилинган мол-мулкига етган зарарни суғурта компанияси тўлаб бериш мажбуриятини зиммасига олади.

Бугунги кунда «Ўзбекинвест» компаниясининг ҳудудларда фаолият кўрсатаётган 14 та филиали ва 190 та суғурта бўлимлари томонидан юқорида билдирилган суғурта маҳсулотлари бўйича хизматлар кўрсатиб келинмоқда. Шунингдек жойлардаги ушбу таркибий бўлинмалар  томонидан мижозларга компанида ишлаб чиқилган 160 дан ортиқ суғурта маҳсулотлари бўйича хизматлар тақдим этилади.

«Ўзбекинвест» ЭИМСК Ахборот хизмати