Жорий йилнинг 18-21 апрель кунлари Корея Республикасининг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида корейс делегация таркибида K-Sure Корея суғурта савдо корпорацияси Президенти Ли Ин-Хо Тошкентда бўлди.
19 апрель куни «Ўзбекинвест» миллий суғурта компанияси ва K-Sure раҳбарияти ўртасида учрашув ташкил этилди ва унда икки мамлакат экспорт-кредит агентликлари ўртасида ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама этилди.
Таъкидлаш жоиз, «Ўзбекинвест» компанияси ва K-Sure экспорт кредитлари ва инвестицияларни суғурталовчилар Халқаро иттифоқи – Берн иттифоқининг тўла ҳуқуқли аъзоларидир.
Музокаралар якунида «Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компанияси ва K-Sure Корея суғурта савдо корпорацияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида Келишув имзоланди.
Ушбу Келишув икки мамлакат экспортчилари томонидан бошқа мамлакатларга маҳсулотларини экспорт қилишда, Ўзбекистонда инвестицион лойиҳаларни суғурталаш, экспорт кредитларини суғурталаш ва қайта суғурталаш соҳасида ҳамда икки томонлама манфаатли ҳамкорликнинг бошқа масалаларида суғурта ҳимоясини тақдим этиш бўйича ҳамкорликнинг кенг имкониятларини яратади.
«Ўзбекинвест» ЭИМСК Ахборот хизмати