«Ўзбекинвест» компанияси жорий йилнинг I чорагида 4 млрд. сўм суғурта қопламаларини тўлаб берди

Чоп этиш версияси
15.04.2019

Суғурта ҳодисаси юз берганда мижозларнинг даъволарини имкон қадар тез кўриб чиқиб, уларнинг мол-мулки ёки соғлиғига етган зарар ўрнини ўз вақтида қоплаб бериш «Ўзбекинвест» миллий суғурта компанияси фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.

Компания томонидан суғурта ҳимоясининг афзалликларини тушунтириш бўйича олиб борилаётган тадбирлар натижасида охирги йилларда аҳоли томонидан суғурта хизматларига бўлган қизиқиш ва талаб ортиб бормоқда.

Жорий йилнинг ўтган I чораги давомида компания томонидан 3321 та суғурта даъволари кўриб чиқилиб, улар бўйича жами 4 млрд. сўмдан ортиқ суғурта қопламаси тўлаб берилди.

Ушбу рақамлар таҳлил этилса, тўлаб берилган суғурта қопламаларининг 43 фоизи ихтиёрий суғурта турларига, қолган қисми эса мажбурий турларга тўғри келади.

Шундай қилиб, жорий йилнинг ҳар ойида ўртача 1000 дан ортиқ суғурта даъволари кўриб чиқилган бўлиб, асосан иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғуртаси, ихтиёрий тиббий суғурта, ташувчининг профессионал жавобгарлиги суғуртаси, транспорт воситаларини мажбурий ва ихтиёрий суғуртаси бўйича суғурта қопламалари тўлаб берилган. Амалга оширилган суғурта қопламаларининг 55 фоизи жисмоний шахсларга, 45 фоизи эса юридик шахсларга тўлаб берилган.

Таъкидлаш керакки, бугунги кунда «Ўзбекинвест» компаниясининг туну-кун ишловчи диспетчерлик хизмати фаолият юритаётган бўлиб, ушбу хизмат мижозлар мурожаатлари бўйича барча маълумот ва маслаҳатларни бермоқда. Компаниянинг махсус ассистанс хизмати эса Тошкент шаҳри ва пойтахт вилояти ҳудудида суғурта ҳодисалари юз берганда воқеа жойига етиб бориб, зарур ёрдамни кўрсатмоқда.

«Ўзбекинвест» ЭИМСК Ахборот хизмати