«Ўзбекинвест» компаниясининг 2018 йил I ярим йиллигидаги суғурта фаолиятининг кўрсаткичлари

Чоп этиш версияси
31.07.2018

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуслари ва раҳбарликларида амалга оширилаётган, халқимиз ҳаёти ва давлатимизнинг барча соҳаларини қамраб олаётган ислоҳотлар муҳитида халқаро муносабатлар мустаҳкамланмоқда, инвестицион иқлим яхшиланмоқда, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик жадал ривожланмоқда, бизнеснинг барча йўналишлари, шу жумладан суғуртанинг тубдан ўсиши ва ривожланиши учун барча имкониятлар очилмоқда.

Иқтисодиётнинг қайта шаклланиши ва суғурта бозорининг ривожланиши жараёнларида фаол иштирок этаётган «Ўзбекинвест» компанияси томонидан 2018 йилнинг I ярмида қатор ижобий натижаларга эришилди.

Ҳудудлар ва агентлик тармоғини ривожлантириш, янги, долзарб суғурта маҳсулотларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш ҳамда жисмоний ва юридик шахслар кесимида фаол суғурта фаолиятини юритиш натижасида 112 млрд. сўм ҳажмда суғурта мукофотлари йиғилди ва бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3 баробар ортиқ бўлди.

Мижозлар билан тузилган суғурта шартномалари бўйича олинган суғурта мажбуриятлари ҳажми 69 трлн. сўмни ёки 8,9 млрд. АҚШ доллари эквивалентини ташкил этди.

Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш Давлат дастурлари доирасида Россия Федерацияси, Япония, Корея, АҚШ, Швейцария ва бошқа мамлакатлар хорижий инвесторлари ва пудратчилари томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича компаниянинг хорижий суғурта компанияларга қайта суғуртага берилган жорий суғурта мажбуриятлар ҳажми 21,7 млрд. АҚШ долларни ташкил этади. Ушбу мажбуриятлар 2024 йилгача амалда бўлади.

Компания мазкур йўналиш бўйича Navigators Insurance Company (АҚШ), Lancashire Insurance Company Limited (Буюк Британия), Tokio Marine & Nichido Fire Insurance Co. Ltd. (Япония), Allianz SE ва HDI Global Network AG (Германия), AXA (Франция), People Insurance Company of China (Хитой), Korean Reinsurance Company (Корея), «Ингосстрах», «Согаз» (Россия), Zurich Insurance Group (Швейцария) каби дунё суғурта компанияларининг биринчи ўнталигига кирувчи етакчи трансмиллий суғурта компаниялари билан фаол ҳамкорлик қилмоқда.

Жисмоний шахслар билан ишлаш бўйича ёндашувнинг тубдан яхшиланиши, суғуртанинг ихтиёрий ва мажбурий тизимига шаҳар ва қишлоқ аҳолисини фаол жалб қилиниши «Ўзбекинвест» компанияси суғурта фаолиятининг 2018 йилдаги асосий йўналишларидан бири бўлди.

Ушбу йўналишда амалга оширилган ишлар натижасида 12,6 млрд. сўм ҳажмидаги ёки ўтган йилнинг шу даври билан таққослаганда 2,6 баробар кўп суғурта мукофоти йиғилди. Шу билан биргаликда, ҳудудларда, айниқса, чекка қишлоқларда суғурта фаолиятини тубдан ривожлантириш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.

Бунинг натижасида жорий йилнинг биринчи ярмида 12 та янги ҳудудий суғурта бўлимлари очилди, ҳудудий филиаллар томонидан 34,3 млрд. сўм ёки 2017 йилнинг шу даври билан таққослаганда 146 фоизга кўп суғурта мукофотлари йиғилди. Туманлардаги суғурта бўлимлари томонидан йиғилган суғурта мукофолари ҳажми 193 фоизга ўсиб, 16,4 млрд. сўмни ташкил этди.

Шу билан бирга, мижозлар сони ошиши кузатилмоқда, жисмоний шахслар ҳисобланган мижозлар сони 231 фоизга ўсиб, 160 660 нафарни ташкил этган, юридик шахслар билан эса 23 754 та суғурта шартномаси тузилиб, бу кўрсаткич 2017 йилнинг шу даврига нисбатан 102 фоизга ўсган.

Ҳудудларда суғурта хизматлари қамровини кенгайтириш ва сифатини ошириш юзасидан олиб борилган амалий ишлар натижасида ҳисобот даврида ҳудудий филиаллар томонидан жисмоний шахслар билан тузилган суғурта шартномалари сони 185 мингдан ортиқни ёки ўтган йилнинг шу даври билан таққослаганда ўсиш 488 фоизни, юридик шахслар билан тузилган суғурта шартномалар сони эса 24 мингдан ортиқни ёки ўтган йилнинг шу даври билан таққослаганда ўсиш 156 фоизни ташкил этган.

Компания давлатнинг туризм соҳасини тубдан ривожлантиришга қаратилган сиёсатида фаол иштирок этиб, бир нечта янги суғурта маҳсулотлари ишлаб чиқилди ва мижозларга таклиф этилмоқда.

Компания ўз мажбуриятларини қатъий бажариб, ҳисобот даврида суғурта ҳодисалари бўйича аҳолига ва юридик шахсларга 11,5 млрд сўм ҳажмида ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 132 фоизга кўп суғурта қопламаларини тўлаб берди.

Кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирлар доирасида компания фаолиятининг муҳим йўналишлари бўйича қатор семинарлар ташкил этилди, 14 нафар ходим республика ва хорижий ўқув марказларга ўқишга йўналтирилди.

Компаниянинг имижини ва суғурта хизматларини тарғиб қилиш ҳамда аҳолининг суғурта ҳақидаги хабардорлик даражасини ошириш мақсадида реклама-маркетинг фаолиятини фаоллаштириш бўйича тадбирлар ташкил этилди. Хусусан, “Жаҳон футболи ишқибози” акцияси ўтказилиб, ғолибларга Россияда бўлиб ўтган Футбол бўйича жаҳон чемпионати марказий ўйинларига чипталар тақдим этилди.

Инвестицион фаолиятни фаоллаштиришга қаратилган қатор тадбирлар амалга оширилди ва фойдаланилмаган имкониятлардан фойдаланилди. Жорий йилнинг биринчи ярмида компаниянинг инвестицион портфели ўтган йилнинг шу даври билан таққослаганда 192 фоизга ошиб, 710,9 млрд. сўмни ташкил этди. Шундан 255 млрд. сўми депозит кўринишида тижорат банкларига жойлаштирилди, 439 млрд. сўми эса йирик ташкилотлар акцияларига жалб этилди. Таъкидлаш жоизки, «Ўзбекинвест» компанияси йирик тижорат банклари, суғурта компаниялари ва нефтгаз соҳасидаги корхоналарнинг акционери ҳисобланади.

Суғурта бозоридаги рақобатнинг кучайиб бораётганлиги, шунингдек, тақдим этилаётган суғурта хизматлари сифатига мижозлар талабининг ошиши муҳитида «Ўзбекинвест» компанияси бизнесни юритишнинг инновацион ёндашувлари асосида самарали фаолиятини давом эттириш ва суғурталанувчиларнинг шахсий ва мулкий манфаатларига ишончли суғурта ҳимоясини тақдим этишни мақсад қилган.

 

«Ўзбекинвест» ЭИМСК Ахборот хизмати