2018 йилнинг 29 март куни “Ўзбекинвест” миллий суғурта компаниясининг Тошкент вилояти филиали томонидан “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳиятини тушунтириш ҳамда аҳоли билан мулоқотни йўлга қўйиш самарадорлигини ошириш мақсадида давра суҳбати ташкил этилди.
Компаниянинг Тошкент вилояти филиали раҳбарияти, Тошкент молия институти ўқитувчи ва талабалари Компания мижозлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда таъкидландики, бугун ҳар бир ташкилот ва корхона ўз фаолиятини ривожлантириш ҳамда маълум ютуқларни қўлга киритишдан манфаатдор. Бунда эса улар хизмат кўрсатаётган субъектларнинг фикр-мулоҳазаси, таклиф ва танқидлари ўта муҳимдир. Турли мақомдаги мижозларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқларини кафолатлаб келаётган «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни мана шундай иккитомонлама муносабатларнинг ошкора, холис ва самарали ўтишини таъминламоқда.
Ҳужжатда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш билан боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатлар тартибга солингани, «электрон мурожаат» асослари ҳуқуқий мустаҳкамлангани ўз навбатида, тизимнинг суғурта компанияларида ҳам намунали ижро этилишига омил бўлмоқда.
Ушбу ҳуқуқий ҳужжат ижросини таъминлаш бўйича «Ўзбекинвест» компаниясида ҳам тизим шакллантирилган. Хусусан, «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонун ижроси юзасидан Компания ўзининг ички тартибини ишлаб чиққан бўлиб, бунда мурожаатларни қабул қилиш, рўйхатга олиш ва кўриб чиқиш учун юбориш, кўриб чиқилишини назорат қилиш масалалари белгилаб қўйилган.
Шунингдек, Компания тизимида бош директор виртуал қабулхонаси, ишонч телефон, туну кун ишловчи диспетчерлик хизмати, веб-сайтда «Мурожаатларни кўриб чиқиш», «Савол-жавоб» каби рукнларнинг мавжудлиги аҳоли билан ишлаш борасида ўз самарасини бермоқда.
Ушбу йўналишдаги ишларни янада самарали ташкил этиш, Компания тизимида жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқишнинг натижадорлигини ошириш мақсадида тасдиқланган режага мувофиқ жойларда мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича сайёр йиғилишлар ҳам ўтказилмоқда.
Давра суҳбатида «Ўзбекинвест» компанияси масъул ходимлари томонидан иштирокчиларга «Жисмоний ва юридик шаxсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонуннинг мазмун-моҳияти, ушбу йўналишда Компания тизимида амалга оширилаётган ишлар, суғурта ҳодисалари юзасидан мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби, Тошкент вилояти филиали томонидан кўрсатилаётган хизматлар ҳақида маълумот берилди.
Учрашувда иштирокчиларни жисмоний ва юридик шаxсларнинг мурожаатлари, суғурта шартномасини тузиш, суғурта ҳодисаси юз берган ҳолатларда мижозларнинг ҳуқуқлари билан боғлиқ ва бошқа қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.
«Ўзбекинвест» ЭИМСК Ахборот хизмати