Тошкент шаҳрида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан мамлакатимизда соғлиқни сақлашни молиялаштиришни ислоҳ қилиш мавзусида олий даражадаги сиёсий мулоқотлар бўлиб ўтмоқда.
Мулоқотда молиявий ислоҳотлар ва мажбурий тиббий суғурталашни жорий этиш учун масъул бўлган вазирлик ва идоралар вакиллари, шунингдек, ЖССТ Европа минтақавий бюроси, Россия, Буюк Британия, Швеция, Испания, Латвия ва Корея Республикаси каби етакчи мамлакатларнинг мутахассис ва экспертлари, халқаро молия тузилма вакиллари иштирок этмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, юртимизда мажбурий тиббий суғуртани босқичма-босқич жорий этиш мақсадида жорий йилдан тизимнинг ҳуқуқий асослари ишлаб чиқилмоқда. Мамлакатимизда ушбу жараён 2021 йилдан жорий этиш бошланади ва биринчи навбатда, йирик ташкилотларда мажбурий суғурта таъминланади. Мулоқотда ушбу жараёнда, аввало, мажбурий тиббий суғурта жамғармасини ташкил этиш экани таъкидланди. Соғлиқни сақлаш хизматлари учун барча ресурсларни (даромад манбаларидан қатъи назар) тақсимлашда тенглик ва самарадорлик максимал даражада ҳисобга олинади.
Бўлиб ўтган мулоқотларда соҳани молиялаштиришда эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар, мажбурий тиббий суғурта ҳамда электрон соғлиқни сақлашни жорий этиш каби масалалар яна бир бор атрофлича муҳокама этилди. Ўтган давр мобайнида жаҳон тажрибаси ва халқаро экспертлар таклифлари асосида ишлаб чиқилган соғлиқни сақлашни молиялаштириш хамда мажбурий тиббий суғуртани жорий этишга қаратилган стратегияга юқори баҳо берилди.