Ўзбекистонда мажбурий тиббий суғуртани жорий этиш таклиф этилмоқда

Чоп этиш версияси
28.09.2018

Айни кунларда бўлиб ўтаётган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг XVI ялпи мажлисида Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари А.Абдуҳакимов иштирок этиб, Ўзбекистонда мажбурий тиббий суғурта жорий этишни таклиф қилган. Бу ҳақда Kun.uz хабар бермоқда.

А.Абдуҳакимовнинг таъкидлашича, мажбурий тиббий суғурта соҳасида жаҳон тажрибасини республика шароитларига мослаштириш зарур. Мамлакатда ҳар йили катта маблағлар ажратилмоқда, шу асосда аҳолига бепул тиббий ёрдам бериш мумкин.

Мамлакат аста-секин хусусий тиббиётга ўтади. Чет элда тиббий хизматларнинг 90 фоизга яқини хусусий сектор томонидан кўрсатилади. Албатта, мен бизда ҳам шундай бўлади, демоқчи эмасман, - дея қўшимча қилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 22 январдаги Фармони билан тасдиқланган “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастурида давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳалари каби суғурта ҳам қайд этиб ўтилган.

Дастурнинг 153-бандида илғор хорижий тажриба асосида тиббий суғурта механизмларини босқичма-босқич жорий этиш бўйича концепция ишлаб чиқиш белгиланган бўлиб, унда фуқаронинг тиббий ва профилактика хизматларига бўлган ҳуқуқлари тенглигини, суғурта полисларига асосан сифатли тиббий хизмат кўрсатиш кафолатини таъминлаш, тиббий ва профилактика хизматлари нархлари, суғурта мукофоти ва мажбурияти, суғурта товони миқдори, уларни ҳисоблаш ва тўловни амалга оширишни тартибга солиш механизмлари, тиббий суғурта жамғармасини тузиш, унинг маблағларини шакллантириш манбалари, жамғарма маблағларини бошқариш ҳамда улардан фойдаланиш тартиби кўзда тутилган.

«Ўзбекинвест» ЭИМСК Ахборот хизмати