Олмаота, 2025 йил 11 июль. Суғурта ва қайта суғурталаш соҳасида минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида "Ўзбекинвест" экспорт-импорт суғурта компанияси акциядорлик жамияти делегацияси бош директор раҳбарлигида Қозоғистон Республикасига ишчи сафарини амалга оширди.
Ташриф доирасида мамлакатнинг етакчи суғурта компаниялари — “EUROASIA Insurance” ва “ Halyk Insurance” акциядорлик жамиятлари раҳбарлари билан учрашувлар бўлиб ўтди. Томонлар йирик инвестициявий ва инфратузилмавий лойиҳаларни биргаликда суғурталаш, шунингдек, суғурта соҳасида тажриба алмашиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Музокаралар конструктив ва ишбилармон руҳда ўтди. Иккала давлат раҳбарияти томонидан қўллаб-қувватланаётган минтақавий интеграция жараёнлари шароитида бундай ҳамкорликнинг долзарблиги алоҳида таъкидланди.
Учрашувлар якунлари бўйича мутахассислардан иборат қўшма ишчи гуруҳларини тузиш бўйича келишувга эришилди. Ушбу гуруҳлар олдига ҳамкорлик механизмларини батафсил ишлаб чиқиш ва яқин кунларда ўзаро ташрифларни ташкил этиш вазифалари қўйилди.
"Ўзбекинвест ЭИСК" АЖ халқаро ҳамкорликни ўз фаолиятининг устувор йўналишларидан бири сифатида кўради ва минтақадаги шериклик алоқаларини янада мустаҳкамлашга интилишда давом этади.