Бугун, жорий йил 16 август куни "Ўзбекинвест" СК нинг Бош директори Азимов Рустам Садиковичнинг Компаниянинг ёш ходимлари билан учрашуви бўлиб ўтди. Суҳбат аввалида Компания раҳбари ўз иш фаолияти хақида сўзлаб, ҳаётий тажрибаси билан бўлишди: унда кундалик риоя этилган қатъий тизим асосида вақтдан, яратилган имкониятлардан тўғри фойдаланиш ёшларнинг амал поғонасидан кўтарилишида омил бўлиб хизмат қилиши мумкинлигини таъкидлади.
Сўнгра сўз ёшларга берилди.Қайта суғурталаш ва халқаро алоқалар департаменти менежери Шоҳаббос Хабибуллаев юртимиз раҳбарининг ташаббуси билан амалга оширилаётган умуммиллий “Яшил макон” лойиҳасига Компания ёшлари ҳам ўз ҳиссасини қўшиш истаги борлигини гапирди. Компаниянинг Бош директори ушбу таклифни қўллаб-қувватлади ва ижтимоий масъуллик нафақат табиатга нисбатан, балки инсонларга, ёрдамга муҳтож бўлган, кам таъминланган ногиронларга ҳам йўналтирилиши фойдадан холи эмаслигини уқтирди ва бу борада амалга оширилаётган ишларда фаол иштирок этишга чақирди.
Сўзга чиққан ёшлардан бири Қаҳрамон Мадраҳимов ҳар ой малакали мутахассислар иштирокидаги давра суҳбатларида юртимизнинг янги Фармон ва Қарорларини ўрганиб, таҳлил қилиш ҳамда сиёсий билимларни мустаҳкамлаш йўналишида баҳс-мунозаралардан иборат тадбирларни ташкиллаштириш, унга малакали мутахассисларни таклиф этиш ғоясини илгари сурди. Шунингдек, янги ишга келган ходимнинг фаолиятига икки йил ўтганидан сўнг, баҳо бериш учун уни аттестациядан ўтказиш ва натижа асосида лавозими, ойлик маошига ўзгартириш киритиш орқали Компания ходимларини маънан ва моддий рағбатлантириш мумкинлиги хақида сўзлади. Бош директор ушбу икки таклифга ҳам ижобий жавоб бериб, шу заҳоти ушбу вазифани амалга ошириш учун ишчи гуруҳ тузиш, ҳар йили январь ойида амалга ошириладиган йиллик ва KPI бўйича ҳисоботлари асосида ходимнинг малакасини баҳолаш тўғрисида буйруқ тайёрлаш вазифасини юклади.
Ходимлар билан ишлаш департаменти менежери Саид Ортиқхўжаев ёшларга берилаётган эътибор учун миннатдорчилик билдирди ва ходимлар малакасини ошириш бўйича тўхталиб, ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган маҳаллий ва чет эл амалиётларига ёш кадрларни юбориш таклифини киритди. Компаниянинг Бош раҳбари бу таклифни ҳам қўллаб- қувватлади ва унга 10 нафар ёшлардан иборат гуруҳ тузиш вазифасини юклатиб, ушбу гуруҳнинг ярмиси ҳудудий филиалларнинг ёш кадрлари ташкил этиши зарурлигини уқтирди.
Юқорида қайд этилган таклифлар ўзининг ижобий самарасини беришига умид боғлаб, Компания Бош директори ёшларга омад тилади ва муваффақиятнинг калити билим эканлигини, ҳаётда ўз ўрни ва мавқеига эга бўлиш мақсадини олдига қўйган ҳар бир инсон кунига 200 дан зиёд янгиликни эгаллаши, ойига эса камида 2 та китобни ўқиб битириши зарурлиги хақида маслаҳат берди. Сўнгра иштирокчиларни яқинлашиб келаётган юртимиз Мустақиллиги байрами билан табриклади ва тадбирга якун ясади.