«Ўзбекинвест» ЭИСК АЖ ва "Etihad Credit Insurance" ҳамкорлик меморандумини имзолашди

Чоп этиш версияси
19.10.2020

2020 йил 15 октябрда «Ўзбекинвест» компаниясида Бирлашган Араб Амирликларининг экспорт кредитлари бўйича давлат агентлиги - «Etihad Credit Insurance» компанияси билан ўзаро хамкорлик меморандуми имзоланди, ва унинг мақсади икки мамлакатнинг экспорт кредит хатарларини суғурталаш соҳасида ушбу ташкилотлар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйишдир.

Ўзбекистон суғурта компанияси – "Ўзбекинвест" ЭИСК АЖ ва Бирлашган Араб Амирликларининг экспорт кредитлари бўйича давлат агентлиги - "Etihad Credit Insurance" (ECI) билан икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида экспорт-импорт операциялари ва инвестицияларни суғурталаш бўйича шартнома имзолашди.

Ушбу шартнома Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йилда БААга ташрифи чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш мақсадида имзоланди ва мамлакатлар умумий қиймати 10 млрд. АҚШ долл. лойиҳаларни амалга ошириш тўғрисида битим имзоладилар.

ECI ва «Ўзбекинвест» суғурта компанияси ўртасида тузилган битим қуйидагиларни назарда тутади:

- экспорт қилинадиган товарларни, ишларни, хизматларни ва инвестицияларни суғурталаш, қайта суғурталаш ва биргаликда суғурталашни таъминлаш учун ўзаро имкониятларни яратиш;

- тижорат андеррайтинги, рискларни бошқариш, даъволар бўйича маълумот, тажриба ва бизнес амалиёти билан алмашиш;

- кадрларни ўқитиш ва тажриба алмашиш бўйича қўшма дастурларни ташкил этиш, амалга ошириш ва бошқалар.

"Etihad Credit Insurance" компаниясининг Бош директори – Массимо Фальчиони шартномани имзолаш чоғида шундай деди: «Ўзбекистоннинг турли хил ресурслари ва кенг кўламли бозор ислоҳотлари мамлакат иқтисодий фаровонлигига ҳисса қўшди. Ўтган йиллар давомида Ўзбекистон БАА билан доимо мустаҳкам савдо алоқаларини сақлаб келмоқда ва ушбу хамкорлик икки мамлакат ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг яна бир муҳим қадамидир. «Ўзбекинвест» билан экспорт кредитлари ва молиялаштириш бўйича самарали ечимлар алмашинуви, албатта, БАА ва Ўзбекистоннинг бизнес ва экспорт хамжамиятларини ривожлантиришга муносиб хисса қўшади".

Таъкидлаш жоизки, икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик доирасида устав капитали 1 млрд. АҚШ долл. тенг бўлган қўшма "Ўзбек - Араб амирликлари" инвестиция компанияси ўз фаолиятини бошлади.

Ёқилғи-энергетика соҳаси ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш ҳам кутилмоқда, инвестиция ва саноат ҳамкорлигини янада кенгайтириш имкониятлари, хусусан, Навоий вилоятида 500 МВт ва 100 МВт қувватга эга шамол ва қуёш электр станциялари қуриш лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, Талимаржон ИЭСини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилмоқда.

«Ўзбекинвест» компанияси шу кунга қадар БААга автомобиль, электротехника, кимё, тўқимачилик ва қишлоқ хўжалиги саноат корхоналари томонидан экспорт қилинадиган маҳсулотларни комплекс суғуртасини амалга оширди.

Умуман олганда, «Ўзбекинвест» 2020 йил 9 ойи давомида 26 та давлатга 1,09 млрд. АҚШ долл. зиёд миқдордаги товарлар, ишлар ва хизматларни экспорт қилувчи миллий экспортчиларга суғурта қўмагини тақдим этди, ва ушбу рақам 2019 йилга нисбатан 198 фоизга ўсган. Айтиш жоизки, суғурта қилинган экспорт маҳсулотларининг бутун ҳажми нохом-ашё экспорти бўлиб, йирик, қўшма корхоналар ва кичик хусусий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган.

2019-2020 йилларда «Ўзбекинвест» ЭИСК АЖ дунёнинг етакчи мамлакатларнинг экспорт кредит агентликлари билан 30 дан ортиқ ҳамкорлик ва ўзаро келишув меморандумларини имзолади, жумладан: ЭКСАР (Россия), NEXI (Япония), SINOSURE (ХХР), «KSure» (Корея), «UK Export Finance» (Буюк Британия), COFACE (Франция), SACE (Италия) ва бошқалар.