2025 йил 10 сентябрь куни Париж шаҳрида «Ўзбекинвест» экспорт-импорт суғурта компанияси ва Франциянинг Bpifrance Assurance Export давлат экспорт-кредит агентлиги ўртасидаги музокаралар якунлари бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги келишув имзоланди.
Икки компания раҳбарлари томонидан келишувни имзолаш жараёнида, мазкур ҳужжат Ўзбекистон Президенти Ш.М. Мирзиёев ва Франция Президенти Э. Макрон ўртасидаги музокаралар давомида эришилган савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришга оид келишувларни амалга ошириш учун ишончли механизм яратишга хизмат қилиши алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Ҳужжатда Ўзбекистон ва Франция ўртасида инвестиция фаолияти ҳамда экспорт-импорт операциялари билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъектларига суғурта кафолатларини тақдим этиш, зарур маълумотлар алмашиш, маслаҳат хизматлари кўрсатиш ва бошқа масалалар назарда тутилган. Айниқса, француз компанияларининг Ўзбекистон иқтисодиётига киритаётган инвестицияларини суғурта йўли билан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилган.
Икки томон ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида инвестициявий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва ҳамроҳлик қилиш учун доимий ишчи гуруҳ тузилди. Шунингдек, келишилган ҳаракатлар дастурини амалга ошириш мақсадида француз компаниясининг раҳбарияти ва масъул ходимларининг Ўзбекистонга ташриф муддатлари белгилаб олинди.