Тошкентда «Ўзбекинвест» ЭИСК АЖ ва Япониянинг дунё бўйлаб ҳаётни суғурталашни ривожлантиришга кўмаклашиш жамғармаси — FALIA ўртасида Ўзбекистон суғурта бозорини ривожлантириш масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Жамғарма 1962 йилда Япониянинг етакчи суғурта компанияларидан бири — Dai-ichi Life кўмагида ташкил этилган бўлиб, 2012 йилдан буён ижтимоий фойдали ташкилот мақомига эга. FALIA халқаро таълим дастурларини амалга оширади, тадқиқотлар ўтказади ва суғурта соҳаси мутахассисларини бирлаштиради.
Учрашув якунлари бўйича томонлар «O‘zbekinvest» ва Ўзбекистоннинг бошқа суғурта компаниялари мутахассислари учун Японияда стажировка ўташ дастурларини кенгайтиришга келишиб олдилар. Ушбу ташаббусдан кўзланган мақсад — ҳаётни суғурталаш, мол-мулк, инвестициялар ва молиявий рисклар соҳасидаги илғор халқаро тажрибани ўрганишдир.
