Навбатдаги илмий-амалий тадбир “Глобал иқлим ўзгариши шароитида суғурта: муаммолар ва имкониятлар” мавзусига бағишланди. Йиғилишда Бизнесни суғурталаш ҳамда ҳудудий тармоқларни истиқболли ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш маркази менежер катта ассистенти Б.Султонов “Глобал иқлим ўзгариши шароитида қандай суғурта турлари долзарб бўлиб бормоқда?” мавзусида, Актуар ҳисоб-китоб ва суғурта заҳираларини шакллантириш департаменти менежери Б.Ҳусанов “Иқлим ўзгаришининг суғурта бозори ва рискларни баҳолашга таъсири” мавзусида ҳамда Нотижорат ташкилотлари ассоциацияси қайта суғурталаш брокери А.Мигашко “Табиий офатларнинг иқлим ўзгаришига таъсири” мавзусида маърузалар қилишди.
Сўзга чиққанлар иқлим ўзгариши бўйича глобал тенденциялар ва маҳаллий таъсирлар, суғурта рискларининг эволюцияси, экстремал об-ҳаво ҳодисалари шароитида инновацион суғурта маҳсулотларининг аҳамияти, Ўзбекистон ва Марказий Осиёда мавжуд иқлим хавфлари, таваккалчиликларни баҳолашда анъанавий риск моделлари ва Big Data, IoT, AI технологиялари тўғрисида ахборот беришди.
Шу билан бирга, тадбир давомида 2023 йилдаги эътиборга молик бўлган суғурта тўлови билан боғлиқ ҳодисалар, жаҳон бўйича суғурта йўқотишлари, табиий офат турлари бўйича глобал йўқотишлар, йўқотишларнинг ортиб бориш тенденцияси тўғрисидаги статистик таҳлиллар ва маълумотлар тақдим этилди ва уларнинг ўсишига туртки бўладиган омиллар каби муҳим жиҳатлар юзасидан фикрлар баён этилди.