2026 йил 17 февраль куни «Эффект Макаренко» телеграм-каналида (t.me/makarenko_channel) «Ўзбекинвест» ЭИСК АЖнинг шуъба корхонаси — суғурта ҳолатлари бўйича мижозлар даъволарини кўриб чиқиш билан шуғулланувчи «Ўзбекинвест Ассистанс» фаолияти ҳақида танқидий фикрлар билдирилган материаллар жойлаштирилди.
Аввало шуни таъкидлаймизки, компания жамоатчилик танқидини қайта алоқанинг муҳим шакли ҳамда хизмат кўрсатиш сифатини янада такомиллаштиришга хизмат қилувчи омил сифатида қабул қилади. Муаллифнинг хизмат кўрсатиш офисига шахсий ташрифи натижасида шаклланган ҳиссий муносабатига тушуниш билан қараймиз.
Жойлаштирилган постларда «ҳеч нарсани электрон тарзда амалга ошириб бўлмайди», шунингдек «ЙҲХББ, суд, баҳоловчилардан бир тўда ҳужжатлар тўплаш», «ягона бўлган офисга бориш», «соатлаб кутиш» каби иддаолар келтирилган.
Шу муносабат билан қуйидагиларни маълум қиламиз.
2026 йил 17 февраль куни соат 12:35 да Тошкент шаҳри Чилонзор тумани, Чўпон-ота кўчаси, 4б-уй (4-қават) манзилида жойлашган «Ўзбекинвест Ассистанс» МЧЖ офисига мазкур телеграм-канал асосчиси Никита Макаренко ташриф буюрди. Ташриф мақсади турмуш ўртоғининг автотранспорт воситаси бўйича суғурта ҳолатига оид ҳужжатларни топширишдан иборат бўлган.
Ушбу вақтда «Ўзбекинвест Ассистанс»нинг уч нафар ходими мижозларга хизмат кўрсатаётган эди, бу видеокузатув камералари ёзувлари билан тасдиқланади. Навбат кутаётган фуқаролар Н. Макаренкога белгиланган хизмат кўрсатиш тартибига мувофиқ навбат асосида қабул амалга оширилишини тушунтиришган. Кейинчалик мурожаат этувчи ходимларга, жумладан «Европротокол» тартиби бўйича ҳужжат топшириш масаласида аниқлик киритиш учун мурожаат қилди. Ходим томонидан ҳужжатлар мазкур манзилда қабул қилиниши тасдиқланди ҳамда тушлик танаффусига 15 дақиқа қолгани ва навбат кутаётган фуқаролар мавжудлиги сабабли қабул тушликдан сўнг бирданига навбат асосида амалга оширилиши мумкинлиги тушунтирилди. Тушунтиришлар берилгач, фуқаро Н. Макаренко ҳеч қандай эътироз ва даъволарсиз офисни тарк этди.
Даъво ишларини кўриб чиқиш бўлимида уч нафар мутахассис мижозлардан аризалар қабул қилади. Кунлик мурожаатлар сонининг кўплиги инобатга олинган ҳолда айрим даврларда 5–6 нафардан ошмайдиган тирик навбат шаклланиши мумкин. (Маълумот учун: «Ўзбекинвест» компанияси ҳар йили 1 миллиондан ортиқ жисмоний шахс — Ўзбекистон фуқароларига хизмат кўрсатади). Йўл-транспорт ҳодисалари бўйича мурожаат этилганда, одатда, жабрланувчилар ва айбдор деб топилган шахслардан ташқари уларга ҳамроҳлик қилувчи фуқаролар ҳам келиши ҳисобга олиниши лозим, бу эса ташриф буюрувчилар сонининг ошишига объектив сабаб бўлади.
Алоҳида таъкидлаймизки, суғурта ҳолати юз берганлиги ҳақида хабар беришни электрон шаклда амалга ошириш мумкин:
- insurance.uz расмий веб-сайти орқали («Суғурта ҳолати» бўлими);
- компаниянинг мобил иловаси орқали («Суғурта ҳолати» бўлими).
Бундан ташқари, суғурта ҳолати юз берганда жабрланувчи Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали «Мажбурий ва ихтиёрий суғурта турлари бўйича суғурта даъволарини тақдим этиш» интерактив хизмати (https://my.gov.uz/ru/service/886) орқали мурожаат қилиши ҳамда мурожаат ҳолатини кузатиб бориши (https://my.gov.uz/ru/service/892) мумкин.
Қўшимча равишда тушунтирамизки, автотранспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта ҳолатини кўриб чиқиш учун зарур ҳужжатлар рўйхати Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилиги, хусусан, 2008 йил 24 июндаги 141-сонли Вазирлар Маҳкамаси қарори ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгиланган. Ушбу рўйхат суғурта компанияси томонидан ихтиёрий равишда шакллантирилмайди ва унинг хоҳиши ёки мижозлар талаби асосида ўзгартирилиши мумкин эмас. Мажбурий ҳужжатлар таркибига ўзгартиш киритиш фақат қонунчиликка тегишли ўзгартишлар киритиш орқали амалга оширилади. Зарур тасдиқловчи ҳужжатлар ваколатли давлат ва бошқа ташкилотлар томонидан берилади, бу эса суғурта компанияси ваколатига кирмайди.
«Ўзбекинвест» ЭИСК АЖ мутахассислари даъво ишларини қонун билан белгиланган тартиб ва муддатларга қатъий риоя қилган ҳолда кўриб чиқадилар.
Компания барча мижозларга нисбатан тенг ва ҳурматли муносабат тамойилига қатъий риоя қилади. Хизмат олиш учун навбатда турган фуқароларга нисбатан ўзаро ҳурмат жамоатчилик муносабатларининг тўғри ва самарали шаклланиши учун зарурий шарт ҳисобланади, уларнинг ижтимоий мақомидан қатъи назар.
Маълумот учун: ҳозирги вақтда компания 1 миллиондан ортиқ мижозга хизмат кўрсатмоқда. Сўнгги уч йилда юридик ва жисмоний шахсларга 420 миллиард сўмдан ортиқ суғурта товонлари тўлаб берилган, шундан 2025 йилда — 131,6 миллиард сўм.
«Ўзбекинвест» ЭИСК АЖ ўз фаолиятини амалдаги қонунчилик ва белгиланган тартиб-таомиллар асосида амалга оширади ҳамда муаллифни жойлаштирилаётган ахборотнинг тўғрилигини текширишга, жамоатчиликни чалғитмасликга ва Компания ҳамда муаллифнинг обрўсига соя солмасликга илтифот билан чақиради.
