2020 йил якунлари бўйича "Ўзбекинвест" компанияси 262 млрд. сўм миқдорида суғурта мукофотларини йиғиб, Ўзбекистон суғурта бозорида етакчиликни мустаҳкамлади.
Компания инвестиция лойиҳалари, кичик ва ўрта бизнес субектлари, эркин иқтисодий, индустриал ва саноат зоналари субектларини, транспорт воситалари эгаларининг жавобгарлиги ва экспортчиларни комплекс суғурталаш бўйича суғурта мукофотларининг йиғими кескин ўсиши натижасида биринчи ўринни эгаллади.
Мижозлар базаси 138 фоизга ўсиши таъминланди, 686 мингдан ортиқ юридик ва жисмоний шахслар "Ўзбекинвест" компаниясига ишонч билдиришди.
2020 йилда компания қайта суғурталаш халқаро бозорида фаолиятини фаоллаштириш натижасида кескин ўсиш суръатларини кўрсатиб, ушбу бизнес йўналиши бўйича суғурта мукофотлари ҳажми 2019 йилга нисбатан 13 баравар ўсиб, 95 млрд. сўмни ташкил қилди. Натижада, компания портфелидаги халқаро суғуртанинг улуши 3 фоиздан дан 37 фоизгача ўсди.
2020 йилда компания томонидан 69,9 млрд. сўм суғурта товонлари тўланди ва 2019-йилнинг шу даврига нисбатан 44,8 млрд. сўмга кўпроқ бўлди ёки ўсиш 2,8 баравар бўлди. Бу кўрсаткичнинг ўсишига Сирдарё ва Бухоро вилоятларида техноген талофат ва табиий офат натижасида жабрланганларга суғурта қопламаларини тўланиши, ҳамда, аҳолига "COVID-19" дан суғурта бўйича тўловлар кескин ўсиши асосий сабаблардан бўлди.
Компания томонидан 2019 йилга нисбатан 6 баравар ёки 16,5 млрд. сўмга кўпроқ солиқ ва тўловлар бюджетга тўланиб, 2020 йилда бу кўрсаткич ҳажми 19,9 млрд. сўмни ташкил қилди.
Солиқ ва суғурта тўловларининг ҳажмини ўсишига қарамай, компания активлари 2019 йилга нисбатан 115,4 фоизга кўпайиши таъминланди. Шунингдек, йиғилган суғурта мукофотларининг маълум қисми компания депозит базасини кенгайтиришга йўналтирилиб, "Ўзбекинвест" АЖ миллий валютадаги депозит портфели 121 фоизга, хорижий валютадаги депозит портфели 105 фоизга ошди.
Компаниянинг соф фойда ҳажми 2019 йил якунларига нисбатан 125 фоизга ошди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиеев томонидан 2021-йил Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли соғлиғини мустаҳкамлаш йили деб эълон қилиниши муносабати билан белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда жорий йилда "Ўзбекинвест" компанияси бизнеснинг янги йўналишларини ривожлантиришни давом эттириб, қишлоқ жойларда мижозлар базасини кенгайтиришни, замонавий ахборот технологиялари, мижозлар билан масофавий ва он-лайн алоқаларни жорий этиш орқали суғурта хизматларининг сифатини ва қулайлигини ошириш, шунингдек, халқаро суғурта бозорларида хорижий ҳамкорлар билан ҳамкорликни кенгайтириш ва суғурта хизматлари экспортини оширишни устувор вазифа қилиб белгилади.