“Ўзбекинвест”да давлат тили байрамига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди

Чоп этиш версияси
15.10.2025

Жорий йилнинг 15 октябр куни “Ўзбекинвест” экспорт-импорт суғурта компаниясида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 36 йиллиги муносабати билан “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Байрамга Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбек миллий академик драма театри адабий эмакдоши Усмон Азим, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ижодий ишлар бўйича биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо ҳамда шоир, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Шуҳрат Ориф иштирок этишди.

Тадбирда ўзбек тилининг ҳуқуқий мақомини белгилашда босиб ўтилган қийинчиликлар, бугунги кунда тилимизнинг бой имкониятларидан кенг фойдаланиш учун яратилган шарт-шароитлар ҳамда давлат тилининг нуфузини янги поғонага олиб чиқиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида атрофлича сўз юритилди.

Сўзга чиққанлар тилнинг инсон қалбидаги муқаддас ўрни, уни асраш ва авлодларга етказиш масъулияти ҳақида самимий фикрлар билдирдилар.

Байрам доирасида компания ходимлари ўртасида шеърхонлик ва миллий адабиётни танишга бағишланган викторина танловлари ўтказилиб, ғолиблар совринлар билан тақдирланди. Шу билан бирга, Компаниянинг барча ходимларига Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобораҳим Машраб, Ойбек, Зулфия, Пиримқул Қодиров, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Муҳаммад Юсуф ва бошқа ўзбек адибларининг китоблари совға қилинди.