«Ўзбекинвест» ЭИМСК Берн Иттифоқи йиғилишида иштирок этди

Чоп этиш версияси
24.10.2019

«Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компанияси вакиллари жорий йилнинг 20-24 октябрь кунлари 1997 йилдан буён аъзо бўлган Берн Иттифоқининг навбатдаги йиғилишида иштирок этди.

Берн Иттифоқи экспорт кредитлари ва инвестицияларни суғурталовчиларнинг Халқаро Иттифоқи ҳисобланиб, дунёнинг экспорт-кредит агентликларини бирлаштиради. Мазкур Иттифоқнинг доимий ўтказиб бориладиган йиғилишларида ташкилий, андеррайтинг ва техник масалалар, шунингдек, экспорт кредитлари суғуртасини ривожлантириш истиқболлари ва ташқи иқтисодий фаолият субъектлари ва тижорат банклари суғуртасининг ўзига хосликлари муҳокама қилинади.

Берн Иттифоқига аъзолик «Ўзбекинвест» компанияси фаолиятининг халқаро бозордаги ривожига ҳисса қўшмоқда ва халқаро суғурта ҳамжамиятининг бошқа иштирокчилари билан зарур ҳамкорлик алоқаларининг ўрнатилишига ёрдам бермоқда. Йиғилиш доирасида «Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компанияси ва Италиянинг «SACE» экспорт кредит агентлиги раҳбарияти ўртасида учрашув ташкил этилди. Учрашув давомида музокаралар ўтказилиб, ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари бўйича масалалар муҳокама этилди.

Музокаралар якуни бўйича «Ўзбекинвест» ЭИМСК ва Италиянинг «SACE» ЭКА ўртасида ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланди. Ушбу келишув икки давлат экспортчиларига суғурта ҳимоясини тақдим этиш, хусусан, Ўзбекистон-Италия қўшма корхоналарини учинчи мамлакатларда суғурталаш ва қайта суғурталаш соҳасида, мамлакатлар, корхоналар ва банклар ўртасида доимий асосида ўзаро маълумотлар алмашинувини амалга ошириш ҳамда ҳамкорлик жараёнида консультация бериш ва ҳар томонлама кўмаклашиш бўйича кенг имкониятларни яратади.

«Ўзбекинвест» компанияси ахборот хизмати