«Ўзбекинвест» ЭИМСК халқаро ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Чоп этиш версияси
25.10.2019

«Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компанияси ва Экспорт кредитлари ва инвестицияларни суғурталаш бўйича Россия агентлиги («ЭКСАР» АЖ) экспорт суғуртаси соҳасида ҳамкорлик қилади.

Жорий йилнинг 20-24 октябрь кунлари Ҳиндистоннинг Ҳайдаробод шаҳрида экспорт кредитлари ва инвестицияларни суғурталовчиларнинг халқаро иттифоқи – Берн Иттифоқининг ҳар йили ташкил этиладиган кузги йиғилиши бўлиб ўтди.

«Ўзбекинвест» ЭИМСК вакиллари мазкур йиғилишда фаол иштирок этди ва тадбир иштирокчилари билан музокаралар олиб борди.

Йиғилиш доирасида жорий йилнинг 23 октябрь куни «Ўзбекинвест» ЭИМСК ва «ЭКСАР» АЖ раҳбарият ўртасида учрашув ташкил этилди. Унда Ўзбекистон ва Россиянинг экспорт-кредит агентликлари ўртасида ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама этилди.

Олиб борилган музокаралар натижасида «Ўзбекинвест» ЭИМСК ва «ЭКСАР» АЖ ўртасида ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланди. Таъкидлаш жоизки, мазкур келишув икки мамлакат экспортчиларига суғурта ҳимоясини тақдим этиш, хусусан, маҳсулотларни учинчи мамлакатларга экспорт қилиш, инвестиция лойиҳаларини суғурталаш, экспорт кредитларини суғурталаш ва қайта суғурталашда ва икки томонлама ўзаро ҳамкорликнинг бошқа масалалари бўйича ҳамкорлик қилишда янги истиқболларини очади.

«Ўзбекинвест» компанияси ахборот хизмати