«Ўзбекинвест» экспортчилар учун суғурта хизматларини кенгайтирмоқда

Чоп этиш версияси
17.09.2019

Жорий йил 13 августда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни ташкил қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслар ва ишлаб чиқариш инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш тўғрисида»ги ПФ-5780-сонли фармони қабул қилинди.

Ушбу фармон билан тасдиқланган «Йўл харитаси»га мувофиқ «Ўзбекинвест» миллий суғурта компаниясига экспорт билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига кредитларни ажратишда тижорат банкларининг хатарларини суғурталаш амалиётини кенгайтириш вазифаси юклатилган.

Президент фармони ижросини таъминлаш мақсадида Компания томонидан маҳаллий экспортчиларга бериладиган кредитлар қайтмаслиги хатарини суғурталаш механизми ишлаб чиқилиб, маҳаллий экспортчилар ва тижорат банкларини суғурта ҳимояси билан таъминлаш фаол давом эттирилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ТИФ Миллий банки, «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ ва «Асака» АТБ билан билан экспортни қўллаб-қўвватлаш бўйича ҳамкорлик битимлари имзоланиб, мақсадли депозитлар ҳам жойлаштирилди. Ушбу битимлар доирасида Компания томонидан «Асака» АТБ сўрови бўйича суғурта ҳимояси тақдим этилди ва айни пайтда экспортолди молиялаштириш доирасида тақдим этиладиган кредитларни суғурталаш бўйича Компанияга яна 5 та ариза келиб тушган.

«Ўзбекинвест» миллий суғурта компанияси экспорт шартномалари ва экспорт кредитларини суғурталаш бўйича тижорат банклари ва экспортчиларни ҳамкорликка таклиф этади ва аризаларни кўриб чиқишга тайёрлигини маълум қилади.

«Ўзбекинвест» компанияси Ахборот хизмати