«Ўзбекинвест» компанияси жорий йилнинг январь ойида 1018 та суғурта даъволарини кўриб чиқди

Чоп этиш версияси
15.02.2019

Турли бахтсиз ҳодисаларга дуч келмасликдан ҳеч ким кафолатланмаган, шунинг учун ҳам кишилар ўзларининг ҳаёти ва соғлиғи ёки мол-мулкини кутилмаганда етадиган зарарлардан ҳимоя қилиш мақсадида суғуртага мурожаат қиладилар. Бу ўз навбатида суғурта компанияларидан суғурта ҳодисаси юз берганда мижоз даъвосини имкон қадар тез кўриб чиқишни талаб этади. Суғурта қопламасини ўз вақтида тўлаб бериш суғурта компанияси нуфузини белгилаб берувчи муҳим омиллардан бири ҳисобланади ва мижозлар ишончи мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Ушбу жиҳатлар инобатга олиниб, «Ўзбекинвест» миллий суғурта компанияси томонидан суғурта даъволарини кўриб чиқиш ва қопламаларни тўлаб бериш борасида кўрсатилаётган хизматлар сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Агар рақамларга мурожаат қилинса, 2019 йилнинг январь ойида мижозлар мурожаатлари асосида ихтиёрий тиббий суғурта, қурилиш қалтисликлари суғуртаси, иш берувчи ва транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғуртаси, бахтсиз ҳодисалардан суғурталаш каби шартномалар бўйича 1018 та суғурта даъволари кўриб чиқилиб, 1 млрд. сўмдан ортиқ суғурта қопламаси тўлаб берилган. Кўриб чиқилган суғурта даъволарининг 88 фоизи ихтиёрий суғурта турларига тўғри келса, қолган 11 фоизини мажбурий турлар улушига тўғри келади.

Таъкидлаш жоизки, «Ўзбекинвест» компанияси томонидан аҳоли билан ишлаш самарадорлигини янада ошириш мақсадида Ишонч телефони, 24 соат ишловчи диспетчерлик хизмати ташкил этилган. Шунингдек, Тошкент шаҳри ва пойтахт вилояти ҳудуди бўйича хизмат кўрсатувчи ассистантс хизмати фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, суғурта ҳодисаси юз берганда компания ходимлари воқеа жойига етиб бориб, зарур ёрдамни кўрсатмоқда.

«Ўзбекинвест» ЭИМСК Ахборот хизмати

Profiler